«Ўзбекистон – Афғонистон – Покистон темир йўли», «Заифлик глобал индекси», «Инновацион хаб»: Мирзиёев БМТ анжуманида муҳим ташаббусларни илгари сурди

21:40 | 3 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Туркманбоши шаҳрида бўлиб ўтаётган БМТнинг денгизга чиқиш имконияти бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар бўйича учинчи конференциясида бир қатор муҳим ташаббусларни илгари сурди. Президент халқаро логистика, инфратузилма ва заиф давлатларни қўллаб-қувватлашга қаратилган бир нечта концептуал таклифларни билдирди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

BmtФото: president.uz

Маълум қилинишича, давлат раҳбари БМТ шафелигида Транзит кафолатлари тўғрисидаги глобал битимни ишлаб чиқишни таклиф этган. Ушбу ҳужжат денгизга чиқиш имконияти бўлмаган давлатларнинг портлар ва логистика инфратузилмасидан адолатли фойдаланишини таъминлаб, глобал логистикадаги номутаносибликни камайтиришга ёрдам бериши мумкин.

Мирзиёев шунингдек, Ўзбекистон–Афғонистон–Покистон темир йўлини қуриш лойиҳасини жадаллаштириш зарурлигини таъкидлаган. Унинг фикрича, бу йўлак Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўли билан интеграция қилинса, бутун Марказий ва Жанубий Осиё учун янги савдо-иқтисодий макон яратилади.

Президент томонидан яна бир таклиф — йирик инфратузилма лойиҳаларини молиялаш учун халқаро донорлар ва институтларни жалб қилган ҳолда «Логистика интеграциясига кўмаклашиш жамғармаси»ни ташкил этиш бўлди. Мирзиёевнинг баҳолашича, минтақадаги инфратузилма эҳтиёжлари йилига 40 миллиард долларга тенг.

Давлат раҳбари шунингдек, денгизга чиқиш имкони бўлмаган мамлакатлар учун «Заифлик глобал индекси»ни ишлаб чиқишни таклиф қилди. Бу индекс уларга халқаро молиявий ёрдамни адолатли тақсимлашга хизмат қилади.

Шавкат Мирзиёев агротармоққа оид инновацияларни жамловчи Инновацион хабни Ўзбекистонда ташкил этишни ҳам илгари сурди. Бу платформа орқали озиқ-овқат хавфсизлиги, сув тежовчи технологиялар ва илғор аграр тажрибалар бўйича ҳамкорлик йўлга қўйилади.

Бундан ташқари, сунъий интеллект, рақамли технологиялар ва трансчегаравий инвестицияларга бағишланган халқаро форумлар ташкил этиш, «ақл марказлари» орқали таҳдидларга қарши ҳамкорликни кучайтириш таклиф қилинган.

Ўзбекистон, шунингдек, денгизга чиқиш йўлига эга бўлмаган мамлакатлар учун Халқаро таҳлил маркази фаолиятига қўшилиш ниятини билдирган.