Ўзбекистонда 2024 йил 6 июндан бошлаб кредитларни ихтиёрий тарзда тақиқлаш хизмати жорий этилди. Кредит-ахборот таҳлилий маркази (КАТМ) маълумотига кўра, жами 73 минг нафар фуқаро ўз номига кредит расмийлаштиришни тақиқлаш учун мурожаат қилган.
Бу хизмат орқали шахс ўз хоҳишига кўра кредит ва қарз шартномаларини тузишни тақиқлаш ёки қайта рухсат бериш ҳақида ариза топшира олади. Қонунга мувофиқ, КАТМ кредит бюроси ушбу аризани олган заҳоти фуқарони «кредитлашни тақиқлаган шахслар» рўйхатига киритиши шарт. Ушбу хизмат мутлақо бепул ҳисобланади.
Ушбу чоранинг жорий этилиши Ўзбекистонда киберҳужумлар ва онлайн қаллобликлар кўпайгани билан боғлиқ. ИИВ ҳузуридаги Киберхавфсизлик маркази маълумотига кўра, 2019–2024 йиллар оралиғида мамлакатда кибержиноятлар сони 68 баробарга ошган. Фақат 2023 йилнинг ўзида 58,8 минг ҳуқуқбузарлик рўй берган бўлиб, уларнинг 4 фоизи бошқа шахс номига ноқонуний кредит расмийлаштириш билан боғлиқ.
Марказий банк маълумотларига кўра, 2024 йилнинг 9 ойида фуқаролар номига кредит расмийлаштириш билан боғлиқ 463 та фирибгарлик ҳолати аниқланган. Уларнинг умумий моддий зарари тахминан 15 млрд сўмни ташкил этган.
Президент Шавкат Мирзиёев 2024 йил 4 март куни «Кредит ахбороти алмашинуви тўғрисида»ги қонунга ўзгартиришлар киритди. Энди фуқаролар давлат хизматлари марказлари, ЯИДХП ёки тўғридан тўғри кредит бюроси орқали ўз ўзига тақиқ киритиши ёки бекор қилиши мумкин.
Банк ва микромолия ташкилотлари кредит беришдан аввал шахснинг ушбу рўйхатда бор-йўқлигини текшириши шарт. Ушбу қоидага риоя қилмаслик қонуний жавобгарликка олиб келади. Шахснинг рўйхатда борлиги тўғрисидаги маълумотлар барчага очиқ ва бепул тақдим этилади.