Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида «Озиқ-овқат маҳсулотининг хавфсизлиги тўғрисида»ги қонун лойиҳаси атрофлича муҳокама қилинди. Қонун озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, принциплари ва давлат органларининг ваколатларини аниқ белгилайди.
Ҳужжатга кўра, санитария чоралари, қоидалар ва нормаларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш халқаро талаблар ва Жаҳон савдо ташкилоти қоидаларига уйғунлаштирилади. Шу билан бирга, қонун соҳада давлат бошқаруви ва назорат тизимини замон талабларига мос равишда такомиллаштиришни назарда тутади.
29 июл куни бўлиб ўтган муҳокамада болаларга тавсия этилмайдиган маҳсулотларнинг реклама усуллари тўғрисидаги модда қизғин баҳсларга сабаб бўлган эди. Масъул қўмита таклиф ва эътирозларни инобатга олган ҳолда лойиҳани такомиллаштирди.
Қонунга мувофиқ, озиқ-овқат маҳсулотини ишлаб чиқариш, қадоқлаш, ораш, тамғалаш, сақлаш, ташиш ва сотишга қўйиладиган умумий талаблар ҳамда бу соҳада фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгилаб қўйилди. Шунингдек, электрон реестр жорий этилиб, маҳсулот муомаласини тўлиқ назорат қилиш имконияти яратилади.
Янги тартибга биноан, маҳсулотда «энг мақбул истеъмол муддати» ёки «якуний истеъмол муддати» кўрсатилиши шарт бўлади. Ортиқча бюрократик жараёнлар бекор қилиниб, санитария-эпидемиология хулосаси, ветеринария гувоҳномаси ва мослик сертификатини мажбурий расмийлаштириш талаби олиб ташланади.