Қозоғистоннинг 17 қишлоғи спиртли ичимликдан бутунлай воз кечди

12:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Қозоғистоннинг Қўстаной вилоятидаги 17 та қишлоқ аҳолиси спиртли ичимлик истеъмолини бутунлай тўхтатди. Ҳудудда маст ҳолда содир этиладиган жиноятлар сони 3,3 фоизга камайган.

Qozog'iston iiv

Қозоғистоннинг Қўстаной вилоятида яна 17 та қишлоқ аҳолиси «Маданий жамият» лойиҳаси доирасида спиртли ичимликлардан бутунлай воз кечишга қарор қилди. Полиция бу қадамни соғлом турмуш тарзининг намунаси сифатида баҳоламоқда.

Лойиҳа маҳаллий жамоатчилик фаоллари билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Шаҳар ва қишлоқларда ҳурматга сазовор фуқаролар, оқсоқоллар, диний етакчилар ва фаоллардан иборат комиссиялар ташкил этилган. Улар алкоголга қарам шахсларга маънавий ёрдам кўрсатиб, тушунтириш ишларини олиб боради.

Вилоят полицияси маълумотига кўра, йил бошидан бери маст ҳолда содир этилган жиноятлар 3,3 фоизга камайган. Шу билан бирга, жамоат тартибини бузишга мойил шахслар, оилавий зўравонлар ва сурункали ичкиликка одатланганлар устидан назорат кучайтирилган. Судлар томонидан спиртли ичимликни ҳатто уйда истеъмол қилишни тақиқловчи 2 600 та қарор чиқарилган.

Лойиҳа доирасида алкоголь савдосига қарши рейдлар ҳам ўтказилмоқда. Йил бошидан буён 217 та қонунбузарлик – тунги вақтда ёки вояга етмаганларга спиртли ичимлик сотиш ҳолатлари аниқланган.

Бундан ташқари, Остона яқинидаги Қосши ва Тайтобе қишлоқлари, Шарқий Қозоғистон вилоятининг Кўкбастав, Теректи, Жанузақ ва Байтоғас қишлоқлари ҳам ичкиликдан воз кечган. Бу ерларда жиноятчилик даражаси мутлақо нолга тушган. Абай вилоятидаги Тана-Мирза қишлоғида эса сўнгги уч йилда алкоголь билан боғлиқ бирорта ҳам жиноят қайд этилмаган.