2 август куни ташкиллаштирилган «Ватандош» интеллектуал клубида Ўзбекистон ва Россия муносабатлари таҳлил қилинди. Унда Vaqt.uz журналисти иштирок этиб, нималар ҳақида сўз боргани ҳақида қисқача маълумот тўплади.
1992 йил 20 мартда Россия Ўзбекистонни мустақил давлат сифатида тан олди. Тарихан боғланганлик омили мўътадил муносабатларига пойдевор бўлди, ўта узоқлашиб ҳам, яқинлашиб ҳам кетилмади. 2004 йил 16 июнда стратегик ҳамкорлик тўғрисида, 2005 йил 14 ноябрда иттифоқчилик муносабатлари тўғрисида шартномалар имзоланди. Шунингдек, 2012 йил 4 июнда эса Ўзбекистон – Россия ўртасида 2013–2017 йилларга мўлжалланган иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштиришга оид декларация қабул қилинди.
Сўнгги 5 йил ичида мамлакатлар ўртасида товар айирбошлаш ҳажми 10 млрд долларга етган, яқин йилларда эса буни 30 млрд долларга ошириш режалаштирилмоқда.
Маълумотларга кўра, айни пайтда Россияда 1 миллиондан ортиқ мигрант меҳнат қилмоқда. Марказий банк қайд этишича, 2025 йилнинг январ–июн ойларида Россиядан Ўзбекистонга 6,4 млрд доллар пул ўтказилган. Чет элдан мамлакатимизга келган пул ўтказмаларининг 78 фоизи Россиядан қабул қилинган.
Сиёсатшунос Фарҳод Толипов Россиянинг Марказий Осиё, хусусан Ўзбекистондаги геосиёсати ҳақида маъруза қилди. У шундай деди: 2002 йилда Путин ва Буш «Марказий Осиёда эски катта ўйинни қайтармаймиз, тараққиётга ҳисса қўшамиз», деб қўшма баёнот берган.
Бироқ 2004 йилда Россия Марказий Осиё ҳамкорлик ташкилотига аъзо бўлиб, уни ЕОИИ билан бирлаштирди, бу Ўзбекистон учун сиёсий хато бўлди. 2019 йилда Россия Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқига кириши мумкинлигини айтди, жамоатчилик қарши чиқди ва мамлакат фақат кузатувчи мақомини қабул қилди. 2023 йилда Путин ва Си Жинпинг «рангли инқилобларга қарши» қўшма баёнот берди, бу эса минтақанинг ички ишларига аралашиш сифатида қабул қилинди.
Ҳозир Россия ва Беларус Ўзбекистонни ЕОИИга қўшилишга чақириш орқали босимни кучайтирмоқда. Шу билан бирга, Ўзбекистон мустақил ташқи сиёсатини сақлаб, фақат миллий манфаатларига мос ҳамкорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаб келмоқда.
Ўзбекистон-Россиянинг иқтисодий муносабатлари ҳақида эса иқтисодчи, профессор Валижон Тўрақулов изланишларини тақдимот қилди. Унинг айтишича, мустақилликнинг дастлабки йилларида Ўзбекистон савдода асосан Россияга қарам бўлган, чунки бошқа йирик савдо шериги ва транспорт йўллари йўқ эди.
2000–2010 йилларда савдо ҳажми аста-секин ўсди, 2015 йилларга қадар Россия билан Хитой биринчи ўрин учун рақобат қилди. Кейин Хитой етакчи савдо ҳамкорга айланди, аммо Россия ҳам асосий бозорлардан бири бўлиб қолди.
2016 йилдан сўнг икки томонлама муносабатлар кучайди, 2018 йилда 27 млрд долларлик битимлар имзоланди. 2022–2023 йилларда Россия қисқа муддатга қайтадан асосий савдо ҳамкор мақомини эгаллади ва савдо айланмаси 10 млрд долларга етди. Бу Ўзбекистон ЯИМининг тахминан 18–20 фоизини ташкил этди.
Россиядан кўпроқ импорт қилинади, экспорт эса асосан қишлоқ хўжалиги ва тўқимачилик маҳсулотларидан иборат. Шу билан бирга, Россия Ўзбекистоннинг асосий инвесторларидан бири бўлиб, мамлакатда 1800 дан ортиқ қўшма корхона фаолият юритади. Энергетика соҳасида ҳам Россия улуши юқори, газ импорти ва ядро электр станцияси лойиҳалари стратегик аҳамиятга эга.
Турли маълумотларга кўра, Россияда 1,5 млн атрофида ўзбекистонлик мигрант ишлайди.
Профессор фикрича, Россияга боғлиқликни камайтириш учун кўп векторли иқтисодий стратегия олиб бориш, Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш ва экспорт таркибини юқори қийматли маҳсулотлар ҳиссасига кенгайтириш зарур. Шунингдек, газ ва ядро соҳасидаги шартномаларни эҳтиёткорлик билан назорат қилиш ҳам иқтисодий хавфсизлик учун муҳим.
Медиаэксперт ва таҳлилчи Дилфуза Мирзааҳмедова эса рус пропогандаси ва унинг ўзбек медиаси таъсири ҳақида маълумот берди. Унинг айтишича, Россия пропагандаси одатда икки йўлдан фойдаланади: раҳбарини «қутқарувчи» сифатида идеаллаштириш ва рақибни ёвузлаштириш. Бу нафақат Ғарб ёки НАТОга нисбатан, балки ички аудиторияда Марказий Осиё мигрантларига қарши ҳам қўлланилади.
АҚШ Давлат департаменти ҳузуридаги Global Engagement Center маълумотларига кўра, Россия пропагандаси беш устунга таянади: расмий ҳукумат баёнотлари, давлат маблағидаги ОАВ (Sputnik, Russia Today), прокси манбалар (Telegram каналлари, сохта сайтлар), ижтимоий тармоқ троллари ва кибер-дезинформация.
Ўзбекистонда асосий ахборот оқими Россия телеканаллари ва Telegram орқали тарқалади. Айниқса, изоҳлар орқали урушни қўлловчи ва Ғарбни ёвузлаштирувчи фикрлар тарғиб қилинади. Тадқиқотларга кўра, Украинага босқиндан кейинги дастлабки 10 ойда изоҳларнинг 35 фоиз урушни қўллаб-қувватлаган, уларнинг 10 фоизи эса битта тролл аккаунтдан ёзилган. Пропаганда мигрантлар ҳақида ёлғон маълумотлар тарқатиб, нафрат уйғотишга ҳам хизмат қилмоқда. Бу эса айрим ҳолларда жисмоний ҳужумлар ва мулкка зарар етказишга олиб келмоқда.
Маърузачи, Миграция агентлиги мутахассиси Дилшод Бедиқулов Ўзбекистон ва Россия меҳнат миграцияси ҳақида гапирди. Унга кўра, Россияда 900 минг – 1 млн атрофида ўзбекистонлик ишлайди, мавсумий чиқишлар билан бу рақам 2,5 млнга етиши мумкин. Асосий қисми қурилишда, қолганлари саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат соҳасида.
2024 йилда Россиядан пул ўтказмалари 8 млрд доллардан ошди. Россияда иш ҳақи пастлиги ва ёш авлоднинг янги йўналишларга интилиши меҳнат бозорини диверсификация қилиш зарурлигини кўрсатмоқда. Агентлик мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва кўмак бериш учун ҳамкорлик битимлари ва консулликлар орқали иш олиб бормоқда.
Ҳуқуқшунос, «Ватандош ТВ» ва «Migrant.uz» лойиҳаси асосчиси Ботиржон Шермуҳаммад Россиядаги ўзбек мигрантлари ҳолати ҳақида фикр билдирди. Унинг таъкидлашича, Россия ҳозир ҳам ўзбеклар учун асосий меҳнат миграцияси йўналиши бўлиб қолмоқда. Рўйхатга олинган этник ўзбеклар сони 323 мингдан ошган, талабалар сони эса 63 минг атрофида. Расмий рақамлар турлича: Ўзбекистон манбалари 900 минг атрофида дейди, Россия томони эса 1,7 млндан зиёд деб қайд этган.
Россияга бориш осон ва барча соҳаларда ишчи кучига эҳтиёж катта. Демографик танқислик туфайли Россияга ҳар йили юз минглаб мигрантлар керак бўлади, шунинг учун ўзбеклар бу бозорда узоқ йиллар талабда бўлади.
Бироқ хатарлар ҳам бор: мигрантлар сиёсий босим воситасига айланиши, уларни урушга жалб қилиш, асоссиз депортация ва чегарада киритмаслик ҳолатлари. Охирги йилларда ўнлаб ўзбекистонликлар фронтга юборилгани ёки у ерда ҳалок бўлгани аниқланган. Шунингдек, Россия қамоқхоналарида минглаб ҳамюртларимиз жазо ўтамоқда.
Экспертга кўра, Ўзбекистонга миграция бўйича узоқ муддатли стратегия зарур. Россиядаги фаоллар ва диаспора ташкилотларини қўллаб-қувватлаш, тадбиркорликка шароит яратиш, рус тили ва касб ўқитиш тизимини йўлга қўйиш керак. Мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, айбсизлик презумпциясига риоя этиш ва суд ишларида адвокат ёрдамини таъминлаш муҳим.
Маҳлиё Ҳамидова тайёрлади