5 август куни Самарқанд вилоятининг Пайариқ, Тойлоқ ва Ургут туманларида халқ депутатлари туман Кенгашларининг навбатдан ташқари сессиялар ўтказилди ва ушбу туманларга янги ҳокимлар тайинланди.
Ургут туманида ҳоким Ботир Жабборов бошқа ишга ўтиши муносабати билан лавозимидан озод этилди. Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи А.Бобоев тавсиясига кўра, ҳозиргача Самарқанд вилояти прокурори ўринбосари сифатида ишлаб келган Дилмурод Саидқулов янги ҳоким этиб тасдиқланди.
Тойлоқ туманида 2018 йилдан буён раҳбарлик қилиб келган Баҳодир Бобоназаров ўз аризасига кўра вазифасидан кетди. Унинг ўрнига вилоят ҳокимлиги ташкилий-кадрлар гуруҳи раҳбари Беҳзод Раҳматуллаев тайинланди.
Паяриқ туманида эса 2023 йил августидан буён ҳоким лавозимида ишлаган И.Жабборов ишдан озод этилди. Унинг ўрнига ҳозиргача вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари бўлган Шунқор Худойбердиев янги ҳоким сифатида тасдиқланди.
Шунингдек, Самарқанд вилояти солиқ бошқармасига янги раҳбар тайинланди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармойиши билан Бабаев Фаррух Мансурович Самарқанд вилояти солиқ бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди. Фаррух Бабаев бунга қадар Солиқ қўмитасида Солиқ органлари фаолияти устидан назорат қилиш департаменти директори лавозимида ишлаб келаётган эди.