Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида Чорвоқ сув омбори ҳудудида йирик курорт қуришни режалаштираётган «Sea Breeze Uzbekistan» компанияси Ўзбекистонда қўшма корхона сифатида расман рўйхатдан ўтди. Давлат реестри маълумотларига кўра, компания 4 август куни рўйхатга олинган бўлиб, асосий фаолияти турар жой бўлмаган бинолар қуриш ҳисобланади.
Лойиҳа таъсисчилари — Озарбойжоннинг Agalarov Development компанияси ва тадбиркор Улуғбек Абдурасулович Маҳмудов, ҳар бири 50 фоиз улушга эга. Корхона раҳбари этиб Сардор Санжарович Ҳамидов тайинланган. Улуғбек Маҳмудов шунингдек, Sunshine Investment, New Time-Projects ва Breeze Development компанияларига ҳам эгалик қилади. Breeze Development жорий йил июн ойида худди шу таркибда тузилган бўлиб, турар жой қурилиши билан шуғулланади.
Ҳукумат қарорига кўра, 577 гектар ер майдони 25 йил муддатга тўғридан-тўғри ижарага берилади ва муддат тугаганда узайтиришда устувор ҳуқуқ берилади. Ижара қиймати 1,7 трлн сўм (133,2 млн доллар) деб баҳоланган бўлса-да, инвестор беш йил давомида атиги 17 млрд сўм (1,3 млн доллар) тўлайди. Инвесторга тасдиқланган бош режага мувофиқ ҳудудни лотларга бўлиб, бошқа шахсларга бериш ҳуқуқи ҳам берилган.
Лойиҳа экологик талабларга риоя қилиш, хусусан, сув омбори ва Чирчиқ дарёсига чиқинди сувларни ташлашни тақиқлаш, чиқиндиларни Чирчиқдаги тозалаш иншоотларига йўналтиришни кўзда тутади. Бу шартлар бузилса, ер ижараси бекор қилиниши мумкин. Шу билан бирга, инвестор дарахт кесган ҳолда, компенсация сифатида мос кўчатлар экиш ёки кўчириш имкониятига эга бўлади.
Ҳукумат инфратузилма қурилиши — йўллар, сув ва канализация тармоқлари, электр ва газ таъминоти ҳамда кўприк қуриш бўйича харажатларни давлат-хусусий шериклик асосида ўз зиммасига олган. Шу билан бирга, инвестор қурилиш ишларини 2029 йил охиригача бош режа билан бир вақтда амалга ошириш ваколатига эга бўлади.
«Sea Breeze Uzbekistan» лойиҳасида Британиянинг Scott Brownrigg архитектура компанияси бош режа ишланмасини тайёрламоқда. Лойиҳанинг амалий ишлари бошлангани ҳақидаги хабарлар жамоатчиликда қизиқиш уйғотган бўлса-да, расмийлар ҳозирча фақат тажриба пляжи қурилаётганини билдирган.
«Sea Breeze Uzbekistan» Ўзбекистондаги махсус иқтисодий зоналар тўғрисидаги қонунларга мувофиқ барча солиқ ва божхона имтиёзларидан фойдаланиш ҳуқуқига эга эканлиги ҳақида хабар берган эдик.