«Шаҳарсозлик реновацияси»да мулкдорлар билан ҳисоблашиладими?

13:30 | 3 дақиқада ўқилади.

«Шаҳарсозлик реновацияси тўғрисида»ги қонун лойиҳаси эски ва авария ҳолатидаги биноларни замонавий, қулай ва энергия самарадор объектларга алмаштириш, мулкдорлар ҳуқуқларини тўлиқ ҳимоя қилиш ҳамда реновация жараёнининг очиқлигини таъминлашни кўзда тутади.

Toshkentdagi eski uy

Қонун лойиҳаси шаҳарсозлик ҳужжатларига мувофиқ эскирган, фойдаланишга яроқсиз ёки авария ҳолатига келган биноларни янгилаш, уларни қулай ва энергия самарадор ҳолатга келтириш, меъморий, ижтимоий ва экологик муҳитни яхшилаш мақсадида ишлаб чиқилган. Ҳужжатда реновациянинг асосий принциплари, босқичлари, амалга ошириш тартиби ҳамда давлат бошқаруви асослари белгиланмоқда.

Депутатлар қайд этганидек, мамлакатда ҳар йили 145 мингта турар жойга эҳтиёж мавжуд, аммо 2019–2023 йилларда ўртача 60 мингта, 2024 йилда эса 100 мингта турар жой қурилган. Эҳтиёжни қондириш учун қўшимча ер ресурслари талаб қилинади.

Қонун лойиҳасида реновация фақат мулкдорлар розилиги билан амалга оширилиши, яъни барча ҳуқуқ эгалари билан нотариал келишув имзоланиши шартлиги мустаҳкамланмоқда. Ҳеч ким суд қарори ва қонунга зид ҳолатларсиз уй-жойидан маҳрум этилмаслиги, хусусий мулк дахлсизлиги давлат томонидан кафолатланиши белгиланган.

Мулкдорларга адолатли компенсация бериш тизими назарда тутилган — яъни реновация зонасида ёки бошқа жойдан янги уй-жой ёки нотурар жой бериш, бозор қийматида пул тўлаш ёки келишувга мувофиқ бошқа шаклда қоплаш мумкин. Янги уй-жойнинг майдони эски уйдан кам бўлмаслиги ва яшашга тайёр ҳолда топширилиши шарт.

Реновация лойиҳалари оммавий ахборот воситалари, расмий веб-сайтлар ва «Шаҳарсозлик реновацияси» электрон платформасида жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилиши шарт. Шунингдек, улар ҳудудий халқ депутатлари кенгашларига киритилади.

Қизғин муҳокамалардан сўнг, қонун лойиҳаси биринчи ўқишда маъқулланди. Иккинчи ўқишда депутатлар таклиф ва эътирозлари асосида яна такомиллаштирилиши режалаштирилмоқда.