Компания кузатув кенгаши 96 млн акциядан иборат, қиймати тахминан 30 млрд доллар бўлган компенсация пакетини Илон Маскка ажратишни тасдиқлади. Ушбу пакет фақат Маск компанияни яна икки йил бошқарса амалга оширилади.
Компания маълумотига кўра, ҳар бир акциянинг бажарилиш нархи 23,34 доллар этиб белгиланган. Маск уларни олгандан кейин беш йил давомида сотмаслик мажбуриятини ҳам олади. Компания ушбу тўловни Маскнинг лойиҳаларга диққатини сақлаб қолиш учун «яхши ният белгиси» сифатида баҳолади.
Bloomberg хабарига кўра, бу қарор Tesla акцияларидаги беқарорликни бартараф этиши мумкин.
Tesla акциялари 4 август куни бозор очилишидан олдин 3 фоизгача ўсди. Кун якунларига келиб, ўсиш 0,35 фоизни ташкил этди ва акциялар 303,7 доллар нархда савдога чиқди. Шу билан бирга, 2025 йил бошидан бери акциялар 25 фоизга арзонлашган.
Бу қарор 2018 йилда қабул қилинган ва кейинчалик 56 млрд долларгача ошган компенсация келишуви юзасидан Делавэр судидаги ишлар фонида қабул қилинди. Агар суд аввалги келишувни тикласа, Маск янги компенсациядан воз кечиши керак бўлади. Tesla икки карра мукофотни истисно этмоқда.
Илон Маск ҳозирда Forbes маълумотига кўра дунёдаги энг бой инсон бўлиб, унинг бойлиги 401,2 млрд долларга етди.