Тошкентда ўзини ДХХ ходими деб таништирган фирибгар қўлга олинди

14:40 | 2 дақиқада ўқилади.

Тошкентдаги тезкор тадбирда ўзини ДХХ ходими сифатида кўрсатган Наманганлик шахс фирибгарлик йўли билан пул олган пайтида қўлга тушган.

Dxx

Тошкент шаҳрида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Наманган шаҳрида яшовчи, 1985 йилда туғилган фуқаро фирибгарлик устида ушланди. У ўзини Давлат хавфсизлик хизмати ходими сифатида таништириб, Наманган вилоятида рўйхатдан ўтган хусусий корхона номига келган товарларни божхона назоратидан муаммосиз ўтказишга ваъда берган.

Мазкур шахс Божхона қўмитасининг Шахсий хавфсизлик бошқармасида ишлайдиган «танишлари» орқали расмийлаштирув жараёнини тезлаштиришини айтган. Шу йўл билан у корхона раҳбаридан ҳар бир юк партияси учун 500 АҚШ долларидан жами 1000 доллар олишга уринган.

ДХХ ва божхона идоралари ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда у айнан шу миқдордаги пулни олаётган пайтида қўлга олинди.

Терговда маълум бўлишича, у аввал ҳам шу корхона раҳбаридан божхона расмийлаштирувини тезлаштириш баҳонасида 1000 доллар олган.

Айни пайтда ушбу шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилган ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.