Доналд Трамп журналистлар билан суҳбатда Исроилга мурожаат қилиб, Ғазо секторидаги аҳолини озиқ-овқат билан таъминлашни сўраганини маълум қилди. Унга кўра, Вашингтон фаластинликларнинг очликдан жабр кўрмаслигини истайди.
«Биз фаластинликларнинг очликдан ўлишини хоҳламаймиз. Шу боис, Исроилдан уларни озиқ-овқат билан таъминлашини сўраяпмиз. Ўзимиз ҳам катта ёрдам кўрсатяпмиз», — деди Трамп.
Унга кўра, АҚШ Ғазога инсонпарварлик ёрдами доирасида катта маблағ ажратмоқда. Трамп ўтган ҳафта бу мақсадда 60 миллион долларлик ёрдам йўлланганини айтган эди.
Бироқ The Washington Post газетаси хабар беришича, амалда етказилган ёрдам миқдори 3 миллион доллардан ошмаган. Бу эса эълон қилинган ёрдам билан реал кўмак ўртасида жиддий фарқ борлигини кўрсатади.
Трамп шунингдек, АҚШ томонидан кўрсатилган ёрдамга ҳеч кимдан миннатдорлик билдирилмаганини таъкидлади. «Биз ёрдам беряпмиз, лекин ҳеч ким раҳмат айтмаяпти», — деди у.
Айни пайтда, Ғазо секторида очлик қурбонлари сони ошиб бормоқда. Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотларига кўра, сўнгги 24 соат ичида яна беш киши озиқ-овқат етишмовчилиги туфайли вафот этган. Қамал натижасида ҳалок бўлганлар сони 180 нафарга етган, уларнинг 93 нафари болалардир.