Васийлик ваколатлари ҳокимлардан олиниб, «Инсон» марказларига ўтказилади

15:50 | 3 дақиқада ўқилади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини кучайтириш ва жараёнларни шаффофлаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.

Oliy majlis

Қонун лойиҳасида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари етим ҳамда ота-она қарамоғидан маҳрум қолган болаларни аниқлаш, уларнинг ҳисобини юритиш ва турли муқобил жойлаштириш шаклларини амалга ошириш ваколатига эга бўлиши белгиланмоқда.

Ҳужжатга кўра, болалар тарбияси, таълими ва соғлиғини асраш бўйича масъул шахслар ўз мажбуриятларини бажармаса, маъмурий жавобгарликка тортилади. Шунингдек, васий ёки ҳомий тайинлаш ваколати ҳокимлардан олиб, «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази директорларига берилади.

Лойиҳа нотариуслар зиммасига ҳам янги мажбурият юклайди — фарзандликка олиш, васийлик ёки ҳомийлик бўйича имзо тасдиқланган ҳолатда бу ҳақда «Инсон» марказларига маълумот етказилиши шарт бўлади. Шу билан бирга, васийлар васийлик органи рухсатисиз васийликдаги шахс номидан мерос ёки ҳадядан воз кеча олмайди.

Алимент миқдорини камайтиришга оид ишлар кўрилаётганда бола манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида «Инсон» маркази вакилларининг мажбурий иштирок этиши белгиланган. Шунингдек, етим болани ёки ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болани доимий рўйхатга қўйишда давлат божи тўланмайди.

Депутатлар қонун лойиҳаси қабул қилиниши болаларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини кафолатли ҳимоя қилишда муҳим қадам бўлишини таъкидлади.