Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълумотларига кўра, 2025 йил январ–июн ойларида маҳаллий бюджетлар даромадлари 33,7 трлн сўм, харажатлари эса 48,5 трлн сўмни ташкил этди. Пойтахт 6,8 трлн сўм даромад ва 7,3 трлн сўм харажат билан республика бўйича энг йирик кўрсаткичларга эга бўлди. Тошкент вилоятида ушбу кўрсаткичлар мос равишда 3,56 трлн ва 3,9 трлн сўмни ташкил қилди.
Сирдарё вилояти энг кам даромад олган ҳудуд бўлди — 885 млрд сўм. Унинг харажатлари эса 1,96 трлн сўмдан ошган. Жиззах, Хоразм, Сурхондарё ва Навоий вилоятлари ҳам нисбатан паст даромадга эга бўлди.
Фарғона вилоятининг харажатлари 4,7 трлн сўмдан ошиб, 1,8 трлн сўмлик катта бюджет тафовутига олиб келди. Бу камомаднинг 1,1 трлн сўм қисми республика бюджети ҳисобидан қопланди. Самарқанд вилоятида бу кўрсаткич 1,6 трлн, Андижонда 1,5 трлн, Наманганда 1,36 трлн сўмни ташкил этди. Қорақалпоғистонда эса 1,4 трлн сўмлик тафовут қайд этилди.
Энг кичик камомад Навоий вилоятида — 279 млрд сўм. Тошкент вилояти (365 млрд) ва Тошкент шаҳри (527 млрд)да ҳам тафовут бошқа ҳудудларга нисбатан паст даражада бўлди.