Россияда шаклланган бу тузилма маҳбуслар қонунларини идеаллаштириб, жиноятчилик маданиятини кундалик ҳаётга сингдиришга уринади. Унинг таъсирига тушиш шахс эркинлиги, оила келажаги ва мамлакат обрўси учун жиддий хавф туғдиради.
Давлат хавфсизлик хизмати маълумотига кўра, «А.У.Е.» («Арестантский уклад един» — «Маҳбуслар ягона қоидаси») Россияда алоҳида хавфли ҳаракат сифатида эътироф этилган бўлиб, 2020 йилда экстремистик ташкилот деб топилиб, фаолияти қонунан тақиқланган. Унинг тарғиботи ижтимоий тармоқлар, чатлар ва видеоплатформалар орқали амалга оширилади. Меҳнат муҳожирлари орасида «братва», «обшак», «закон по понятиям» каби атамалар билан ёшларни жалб қилишга ҳаракат қилинади.
Россия қонунчилигига кўра, бундай ҳаракатларга алоқадорлик учун 300 мингдан 600 минг рублгача жарима, 1 йилдан 6 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки мажбурий меҳнат жазоси белгиланган. Бундан ташқари, ишсизлик, депортация ва ҳуқуқий мақом йўқотилиши каби оғир оқибатлар юзага келиши мумкин.
Ўзбекистон фуқаролари учун бу масала айниқса долзарб. Сўнгги йилларда бир неча юртдошимиз «А.У.Е.» фаолиятида иштирок этгани ёки қўллаб-қувватлагани учун Россияда жиноий жавобгарликка тортилган. Бу нафақат шахсий ҳаётга, балки Ўзбекистон фуқароларининг халқаро майдондаги обрўсига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда.
Ота-оналар ва фуқаролар фарзандларининг кимлар билан мулоқот қилаётганига, муҳожирлар атрофидаги муҳитга жиддий эътибор қаратишлари лозим. Жиноий тузилмалар таъсирига тушишдан эҳтиёт бўлиш ва ҳалол меҳнатни қадрлаш — шахсий ва миллий хавфсизлик гаровидир.