Украина президенти Володимир Зеленский 4 август куни Вовчанск йўналишида Украина ҳарбийлари билан учрашувдан сўнг баёнот берди. Унда дронлар билан таъминлаш, улардан фойдаланиш, янги аскарларни жалб қилиш ва бригадаларни тўғридан-тўғри молиялаштириш масалалари муҳокама қилинганини маълум қилди. Президентнинг айтишича, жангларда Хитой, Тожикистон, Ўзбекистон, Покистон ва Африка давлатларидан келган ёлланма аскарлар қатнашмоқда.
Зеленскийнинг сўзларига кўра, Россия 2025 йилда камида 902 нафар Ўзбекистон фуқаросини армия билан шартнома тузиш орқали урушга жалб қилган. Улар орасида 18–19 ёшли йигитлар ҳам бор. Июл ойида «Хочу жит» («Яшашни хоҳлайман») лойиҳаси мазкур ҳолат ҳақида хабар берганди. Маълумотларга кўра, Россия ўзбек муҳожирларини юқори маошли иш баҳонасида қурилиш ёки фронт орти бўлинмаларига жалб қилади. Асосий рағбат сифатида уларга Россия фуқаролиги ваъда қилинади. Украина асирлигида ҳозирда 33 давлат фуқаролари бор бўлиб, улар орасида энг кўпи — Ўзбекистонликлар.
Апрел ойида «Хочу жит» лойиҳаси Россия армияси билан шартнома тузиб, урушда қатнашган 1100 нафар шахс ҳақида маълумот эълон қилган. Лойиҳа маълумотича, тўлиқ рўйхатда этник ўзбеклар ҳисобга олинса, бу рақам бир неча мингга етиши мумкин.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурҳонов маълумотлар ваколатли органлар томонидан текширилаётганини билдирди. У, Ўзбекистон фуқароларининг хорижий ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиши қонун билан тақиқланганини, маълумотлар тасдиқланса, чора кўрилишини таъкидлади.
Ўзбекистон Жиноят кодексига кўра, ҳарбий ҳаракатларда қатнашиш учун ёлланиш 10 йилгача, ёллаш ёки ўқитиш 12 йилгача, хорижий ҳарбий хизматга ёлланиш эса 5 йилгача озодликдан маҳрум этилишига олиб келади.