1 сентябрдан ППХ тўлов асосида жамоат тартибини сақлайди

21:20 | 2 дақиқада ўқилади.

Юридик шахслар фуқаролар оммавий йиғиладиган жойларда тартиб ва хавфсизликни таъминлаш учун Ички ишлар вазирлигига тўлов асосида мурожаат қилиши мумкин бўлди.

Ppx

Ички ишлар вазирлигининг патрул-пост хизмати (ППХ) 2025 йил 1 сентябрдан юридик шахслар учун пуллик хизматлар кўрсатишни бошлайди. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 30 июлдаги 477-сон қарорида белгиланди.

Янги тартибга кўра, фуқаролар оммавий тўпланадиган жойларда жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш учун ППХ билан шартнома тузиш мумкин бўлади. Бундай аризаларни Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) ёки Давлат хизматлари марказлари орқали юбориш мумкин. Ҳужжатлар 10 иш кунида кўриб чиқилади.

Хизматлар ИИВнинг «Электрон патрул» ахборот тизими орқали амалга оширилади. Тарифлар Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишилган ҳолда белгиланади. Шу билан бирга, мазкур хизмат митинглар, намойишлар ва жамоат йиғилишларига тааллуқли эмас.

Қарор Қонунчилик миллий маълумотлар базасида эълон қилинган ва 2025 йил 31 июлдан кучга кирган.