120 гектардан ортиқ иссиқхоналар қарздорлик сабабли банклар ихтиёрига ўтган

11:30 | 4 дақиқада ўқилади.

Сенатор иссиқхоналар соҳасидаги молиявий инқироз ва ресурс таъминотидаги узилишлар бўйича қишлоқ хўжалиги вазирига расмий сўров йўллади.

Issiqxona

Олий Мажлис Сенати аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси Анвар Туйчиев иссиқхона хўжаликларидаги тизимли муаммолар юзасидан қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдурахмоновга сенаторлик сўрови йўллади. Унинг таъкидлашича, молиялаштиришнинг барқарор механизмлари йўқлиги, табиий газ, электр энергияси ва сув етказиб беришдаги узилишлар, шунингдек кредит фоизларининг юқорилиги айрим иссиқхоналарнинг банк балансларига ўтишига олиб келмоқда.

Маълумотларга кўра, 2025 йил май ойи ҳолатига 120 гектардан зиёд иссиқхона банклар тасарруфига ўтган. Бу эса иш ўринлари қисқариши ва иқтисодий самарадорлик пасайишига сабаб бўлмоқда. Сенатор соҳага сифат назоратини кучайтириш, соғлом рақобат муҳитини яратиш, илмий асосланган агротехнологиялардан самарали фойдаланиш, фермер ва тадбиркорларни уруғчилик ва агрохимия хизматлари билан таъминлаш зарурлигини қайд этди.

Туйчиев вазирликдан 2020–2024 йилларда барпо этилган иссиқхоналар сони ва ҳолати, молиялаштириш механизмлари, табиий ресурслар билан таъминлашдаги муаммолар ва уларни бартараф этиш чоралари, илмий ва инновацион ёндашувларни жорий этиш ҳолати ҳамда экспорт салоҳиятини ошириш ишлари ҳақида аниқ таҳлилий маълумот тақдим этишни сўради.

Ўтган хафта, Президент Шавкат Мирзиёев ҳам иссиқхоналарни қўллаб-қувватлаш бўйича қатор чоралар белгилади. Экспорт ва ички бозор учун маҳсулот етказиб бериш мажбуриятини олган иссиқхоналарга қиш мавсумида газ кафолатли ҳажмда ажратилади. Газ учун олдиндан тўлов миқдори октябрдан мартгача 50 фоизгача камайтиради. Шунингдек, алтернатив ёқилғига ўтиш учун олинган кредитларни қайтариш муддати узайтирилади.

Солиқ қўмитаси ёқилғи сарфини таҳлил қилиб, уни иссиқхоналарга йўналтириш имкониятини ўрганиш топширилди. Тошкент вилоятида иссиқхоналарнинг ҳаво сифатига таъсирини камайтириш чоралари ҳам кўрилади. 2 644 та иссиқхона хўжалиги учун қарийб 450 млрд сўмлик солиқ тўловлари 2026 йил 1 январгача кечиктирилди. Жами 3,3 минг корхона қўллаб-қувватланади. Қўшимча 8,7 минг гектар ер қишлоқ хўжалиги тоифасига ўтказилиб, иссиқхоналарга яна 48,8 млрд сўм иқтисод қилиш имкони яратилади.