6 ойда фуқаролар давлатга 64 млрд сўмлик «яшил» энергия сотди

10:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонда ярим йил ичида минглаб хонадонлар давлатга қиймати 64 миллиард сўмга яқин Қуёш энергияси етказиб берди.

Quyosh panellari

Энергетика вазирлиги маълумотича, жорий йилнинг январ–июн ойларида 28 538 нафар жисмоний шахс ўзининг Қуёш панеллари орқали давлат электр тармоқларига жами 63 миллиард 498 миллион сўмлик энергия узатган. Бу маблағ «Қуёшли хонадон» дастури доирасида давлат бюджетидан ажратилган субсидия ҳисобланади.

Ҳудудлар кесимида энг кўп субсидияни Хоразм вилояти аҳолиси олган — 19,1 миллиард сўм. Ундан кейин 9,7 миллиард сўм билан Қорақалпоғистон Республикаси ва 4,9 миллиард сўм билан Тошкент шаҳри кузатилган. Қолган ҳудудларда бу кўрсаткич нисбатан кам.

Субсидия олиш жараёни қулайлаштирилган. Фуқаролар «Солиқ» мобил иловасидаги «Кешбек ва имтиёзлар» хизматидаги «Қуёшли хонадон» бўлими орқали «Картага пул ўтказиш» танланмаси ёрдамида маблағни ўз банк картасига ўтказиб олиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил 1 апрелдан бошлаб, хонадонга ўрнатилган Қуёш панеллари орқали давлат тармоғига узатилган ҳар бир кW/h энергия учун 1 000 сўмдан субсидия тўланиши белгиланган. Ушбу дастур аҳолини «яшил» энергиядан кенг фойдаланишга рағбатлантириш ҳамда қайта тикланувчи манбалар ҳиссасини оширишга қаратилган.