Ҳукуматнинг 5 августда қабул қилинган қарорига кўра, драйвер лойиҳа — ҳудуд имкониятларидан келиб чиқиб иқтисодий ўсиш ёки туб ўзгаришга олиб келадиган саноат, хизмат кўрсатиш ёки қишлоқ хўжалиги йўналишидаги ташаббус сифатида белгиланди. Бундай лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш туман ва шаҳар ҳокимлари зиммасига юкланди.
Лойиҳалар ҳар йили 1 ноябрга қадар ҳокимликлар томонидан тайёрланади. Бир ҳафта ичида улар вилоят, Қорақалпоғистон Республикаси ёки Тошкент шаҳри ҳокимликларига юборилади. Кейин 10 иш кунида ҳужжатлар Иқтисодиёт ва молия вазирлигига тақдим этилади.
Вазирлик 15 иш кунида лойиҳаларни жойига чиқиб ўрганади. Амалга ошириш жараёнида бош лойиҳачи ташкилотлар қонунчиликда белгиланган тартибда тендер орқали аниқланади. Лойиҳа якунланганидан сўнг, ҳокимлик далолатнома тузиб, уни расмий равишда фойдаланишга қабул қилади.
Ушбу тартиб маҳаллий иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш, янги иш ўринлари яратиш ва ҳудудий инфратузилмани ривожлантиришга қаратилган.