Яқин йиллар ўртасидаги фарқларга назар ташлайдиган бўлсак, 2023 йилнинг биринчи ярмида асосий капиталга киритилган инвестициялар ҳажми 157,2 трлн сўм бўлган бўлса, 2024 йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 243,6 трлн сўмга, 2025 йилнинг биринчи ярмида эса 273,4 трлн сўмга етди. Қайд этиб ўтиш лозимки, 2025 йилнинг биринчи ярмида эришилган натижалар (273,4 трлн сўм) ўтган йилга нисбатан 12,2 фоизга кўпроқ.
Шундан асосий капиталга ўзлаштирилган жами хорижий инвестиция ва кредитлар улуши 71,5 фоизни ташкил қилган. Бу ўсиш йирик инфратузилма лойиҳалари, саноат қувватларини кенгайтириш ва хорижий сармояларни жалб қилиш ҳисобига таъминланмоқда. Бироқ, ташқи капиталга ортиқча боғлиқлик иқтисодий хавфларни ҳам ошириши мумкин.

Ҳудудлар кесимида
2025 йилнинг январ-июн ойларида энг кўп инвестиция Тошкент шаҳрида (47,9 трлн сўм) амалга оширилди. Кейинги ўринларда Тошкент вилояти (40,7 трлн сўм) ва Наманган вилояти (29,2 трлн сўм) жойлашган. Бу ҳудудларда инвестиция фаоллиги қурилиш, саноат ва хизматлар соҳасининг юқори талабига боғлиқ.

Қашқадарё (20,8 трлн сўм) ва Бухоро (19 трлн сўм) вилоятларида асосан саноат ва энергетика йўналишидаги лойиҳалар амалга оширилган. Сурхондарё (9 трлн сўм) ва Хоразм (9,6 трлн сўм) эса инвестиция фаоллиги паст ҳудудлар сифатида қайд этилди.
Хорижий сармоя улуши

Хорижий сармоядорлар майдонида мутлақ етакчиликни Хитой қўлга киритган — мамлакатга келаётган ҳар уч долларлик ташқи сармоянинг бир долларидан ортиғи айнан Хитой ҳиссасига тўғри келади (36,2 фоиз). Унинг ортидан икки йирик ўйинчи — Россия (8,4 фоиз) ва Туркия (8,1 фоиз) катта бўлмаган фарқ билан қадам ташлаб келмоқда.
Шу билан бирга, Яқин Шарқ ва Европа капитал бозорининг вакиллари ҳам фаол: БАА 4,1 фоиз билан, Германия 3,7 фоиз ва Саудия Арабистони 3,1 фоиз улуш билан рўйхатни якунлайди.
Аввалроқ, сўнгги 5 йил ичида асосий капиталга инвестициялар ҳажми қарийб 2,7 баробарга кўпайганини маълум қилган эдик. Уларнинг 90 фоиздан ортиғи хусусий сектордан келган. Хусусан, корхоналар 44 трлн сўм, аҳоли эса 17,3 трлн сўм сармоя йўналтирган.
Маҳлиё Ҳамидова тайёрлади.