Хабарингиз бор, жорий йилнинг 16 июл куни Қашқадарё вилоятининг Кўкдала туманидаги газ шохобчасида портлаш содир бўлган эди. Расмий маълумотларга кўра, портлаш ва келиб чиққан ёнғин оқибатида дастлаб тўрт киши ҳалок бўлган, 15 киши турли даражада тан жароҳати олган.
Бироқ, «Дарё» нашрининг маълум қилишича, воқеа жойида жароҳат олиб, шифохонага ётқизилган 10-синф ўқувчиси – Дилноза исмли қиз 20 июл ҳолатигача комада бўлган ва кейинчалик вафот этган. Бу билан фожеа қурбонлари сони 6 нафарга етган. Шу билан бирга, расмийлар бу ўлимни бешинчи деб қайд этмоқда, бу эса маълумотлар ўртасидаги қарама-қаршиликни яққол кўрсатмоқда.
Журналистик суриштирувда маълум бўлишича, портлаш содир бўлган пайтдаёқ қурбонлар сони беш нафарни ташкил этгани ҳақида маҳаллий аҳоли гувоҳлик берган. Улар расмийлар томонидан эълон қилинган тўрт нафар ҳалок бўлган деган баёнотни «ёлғон» деб атаган.
Эслатиб ўтамиз, портлаш юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Расмийлар томонидан ҳалок бўлганлар оиласига 100 миллион сўмдан, жароҳатланганларга эса 50 миллион сўмдан моддий ёрдам ажратилгани маълум қилинган.