The Washington Post нашрининг ёзишича, 8 август куни АҚШ президенти Доналд Трамп Озарбойжон президенти Илҳом Алиев ва Арманистон бош вазири Никол Пашинянни Оқ уйда қабул қилади. АҚШ расмийлари манбасига кўра, мазкур учрашувда икки давлат ўртасида узоқ йиллар давом этган низоларга барҳам бериш мақсадида тинчлик келишуви эълон қилиниши мумкин.
Расман тасдиқланган маълумотларга кўра, Никол Пашинян 7–8 август кунлари Вашингтонга ташриф буюради. Арманистон ҳукумати баёнотида қайд этилишича, мазкур учрашув «минтақада тинчлик, фаровонлик ва иқтисодий ҳамкорликни таъминлаш учун муҳим қадам» ҳисобланади.
Озарбойжон ва Арманистон 2023 йилдан буён тинчлик келишуви устида музокара олиб бормоқда. Бу жараён Боку ҳукуматининг Қорабоғни ўз назоратига қайтариш бўйича ўтказган ҳарбий амалиётидан сўнг бошланган. 2025 йил март ойида томонлар келишув лойиҳаси бўйича келишиб олган, аммо расмий баёнот берилмаганди.
2025 йил июль ойида ҳам икки давлат етакчилари БААда учрашув ўтказган, аммо натижалар очиқланмаган. Энди эса Вашингтондаги учрашув халқаро эътибор марказида турибди. Доналд Трампнинг бевосита иштирокида бўладиган бу музокаралар Қафқаз минтақасидаги узоқ йиллик қаршиликни бартараф этиши мумкин.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, агар расман тинчлик келишуви эълон қилинса, бу нафaқат икки давлат учун, балки бутун минтақа хавфсизлиги ва иқтисодий барқарорлиги учун стратегик бурилиш нуқтаси бўлади.