Ўзбекистон Беларусьни мамлакатда амалга ошириладиган биринчи атом электр станцияси қурилиши лойиҳасига қўшилишга таклиф қилди. Бу ҳақда Ўзатом матбуот хизмати маълум қилди. Президент Шавкат Мирзиёев топшириғига кўра, 5–6 август кунлари агентлик делегацияси Беларуста бўлиб, АЭС қуриш ва фойдаланишдаги маҳаллий тажрибани ҳар томонлама ўрганди.
Ўзатом директори Азим Аҳмедхўжаев Беларусь энергетика вазири Денис Мороз билан учрашиб, атом энергетикаси соҳасидаги ҳамкорлик йўналишларини муҳокама қилди. Суҳбатда йирик АЭСни энергетика тизимига интеграция қилиш, жисмоний ҳимоя тизимини яратишда тажриба алмашиш, ишлатилган ёқилғи ва радиоактив чиқиндилар билан ишлаш, жамоатчилик билан мулоқот каби масалалар кўрилди.
Беларус томони АЭС қурилиши ва ишлатилиши учун зарур инфратузилма, ходимлар шаҳарчаси ва маҳаллийлаштириш тажрибаси ҳақида маълумот берди. Аҳмедхўжаев Беларусни лойиҳа бўйича асосий ҳамкорлардан бири сифатида кўраётганини билдириб, «алоқа нуқталари топилиши ва ҳамкорликни ривожлантириш учун яхши имкониятлар бор» деб таъкидлади.
Беларус энергетика вазири Денис Мороз 2023 йилда ишга туширилган, қуввати 2400 МВт бўлган биринчи Беларус АЭС мамлакат электр энергияси эҳтиёжининг қарийб 40 фоизини таъминлаётганини айтиб, белорус мутахассислари Ўзбекистондаги АЭС қурилишида иштирок этишга тайёрлигини билдирди.
Аввалроқ, Россиянинг «Росатом» давлат корпорацияси Ўзбекистонда икки турдаги атом электр станциясини қуриш лойиҳасини амалга ошириши ҳақида ёзган эдик.