Ўзбекистон иқтисодиёти 2025 йил январь–июнь ойларида 7,2 фоизга ўсди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 0,6 фоиз бандга юқори кўрсаткич бўлса-да, иқтисодий ўсиш тезлашиши бўйича мамлакат Марказий Осиёдаги асосий қўшниларидан ортда қолди.
Марказий Осиёда энг юқори ўсиш Қирғизистонда қайд этилди. Бу мамлакатда иқтисодий ўсиш 3,6 фоиз бандга тезлашиб, 11,7 фоизга етди. Қозоғистонда ўсиш 3 фоиз бандга ошиб, 6,2 фоизни ташкил қилди. Тожикистонда эса ўсиш суръати 1,9 фоиз бандга тезлашиб, 8,1 фоизга етди.
Ўзбекистонда эса ўсиш суръати 0,6 фоиз бандга ошгани билан қўшни мамлакатлар орасида энг паст тезлашиш кўрсаткичи қайд этилди. Иқтисодчи Миркомил Холбоевнинг таъкидлашича, бу ҳолат минтақадаги бошқа иқтисодиётлар билан солиштирганда ўсиш драйверлари унчалик кучли эмаслигини кўрсатади.
Миркомил Холбоевга кўра, минтақада ўсишнинг тезлашиши асосий савдо ҳамда меҳнат бозорларида кутилганидан яхшироқ иқтисодий шароитлар туфайли юзага келган. Шунингдек, пул ўтказмаларининг юқори ўсиши, инвестицияларнинг кўпайиши ва айрим мамлакатларда экспорт тушумларининг кутилганидан юқори бўлиши иқтисодий ўсиш суръатларини оширган.
Ўзбекистон иқтисодиётидаги барқарор ўсиш саъй-ҳаракатларига қарамай, қўшни давлатларда қайд этилган тезлашиш суръатлари мамлакат учун рақобатбардошликни янада ошириш зарурлигини кўрсатади.