2025 йил 1 июл ҳолатига кўра, Ўзбекистон аҳолиси 37,9 миллион нафарга етди. Миллий статистика қўмитаси маълумотига кўра, йиллик ўсиш 730 минг нафарни ташкил этди. Бу иқтисодиётга тахминан ҳар куни 2 минг кишининг қўшилаётганини билдиради.
Ушбу ўсиш суръати Евроосиёдаги энг юқори кўрсаткичлардан бири саналади. Демографик босим иш ўринлари, уй-жой таъминоти, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларида сезиларли талаб уйғотади. Айниқса, йирик шаҳарлардаги инфратузилма ва транспорт тизими учун бу жиддий синов ҳисобланади.
Январь–июнь ойлари орасида Ўзбекистонда 405,5 минг нафар чақалоқ туғилган. Бу кўрсаткич аввалги йилнинг шу даврига нисбатан 14,4 мингга кам бўлиб, демографиядаги динамика пастлаётганини кўрсатади. Туғилган болаларнинг 209,6 минг нафари ўғил болалар, 195,9 минг нафари эса қиз болалардан иборат. Шаҳарларда 197,8 минг, қишлоқларда эса 207,7 минг чақалоқ туғилган.
Шунингдек, ҳисобот даврида қайд этилган ўлимлар сони 84,1 минг нафарни ташкил қилди. Йўқотишларнинг 46,2 минг нафари эркаклар, 37,9 минги аёллар ҳиссасига тўғри келади.
Ҳозирги кунда шаҳар аҳолиси сони 19,3 миллион нафарни, қишлоқ аҳолиси эса 18,6 миллион нафарни ташкил этмоқда..
Аҳолиси энг кўп вилоятлар — Самарқанд (4,34 млн), Фарғона (4,18 млн) ва Қашқадарё (3,67 млн) ҳисобланади. Бу ҳудудларда аҳолининг кучли ўсиши маҳаллий бюджетларга, ишлаб чиқариш инфратузилмасига ва таълим муассасаларига қўшимча босим юклатиши мумкин.
2025 йилнинг биринчи ярим йиллигида 95,3 мингта никоҳ қайд этилган, шу даврда 23,3 мингта ажралиш кузатилган. Бу ҳар тўртта никоҳдан бири расман бекор бўлааётганини англатади. Айни пайтда, миграция манфий кўрсаткични қайд этди: 5,6 минг киши мамлакатдан чиқиб кетган, фақат 700 киши қайтиб келган.
Агар ҳозирги тенденция сақланиб қолса, 2028 йилга бориб Ўзбекистон аҳолиси 40 миллион нафардан ошиб кетиши мумкин. Бу эса кенг қамровли ислоҳотлар ва узоқни кўзлаган демография сиёсати талабини кучайтиради.