Ўзбекистоннинг барча халқаро аэропортлари Индонезия авиакомпанияларига очилди

12:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистон ва Индонезия авиаҳокимиятлари янги келишув имзолаб, парвозлар сони ва йўналишларидаги чекловларни бекор қилди.

Indoneziya havo yo'llari

Ўзбекистон ва Индонезия авиция ҳокимиятлари Жакарта шаҳридаги музокаралар якунларига кўра, икки давлат ўртасида ҳаво қатновларини кенгайтириш ва эркинлаштириш бўйича янги келишув имзолади. Унга кўра, эндиликда Индонезия авиакомпаниялари Ўзбекистоннинг барча халқаро аэропортларига тўсиқсиз парвоз қилиш ҳуқуқига эга бўлади.

Келишувга мувофиқ, икки давлат ўртасидаги илгариги ҳаво қатнови тўғрисидаги битимдаги авиакомпаниялар сонига қўйилган чекловлар бекор қилинди. Шунингдек, ҳар бир давлат авиакомпаниялари учун ҳафталик парвозлар сони 3 тадан 28 тагача оширилди. Унинг ярми йўловчи, қолган қисми эса юк ташиш йўналишларига ажратилади.

Ўзбекистон томонидан белгиланган авиакомпаниялар Жакартадан ташқари Индонезиянинг энг йирик туризм ва саноат марказлари — Денпасар, Сурабая, Медан, Йогякарта, Мажалегнка, Банда Аче, Танжунг Панданг, Ломбок ҳамда қўшимча яна икки шаҳарга парвоз қилиши мумкин бўлади. Индонезия авиакомпаниялари эса Ўзбекистондаги исталган халқаро аэропортларга тўғридан-тўғри рейслар амалга ошириш имкониятига эга бўлади.

Янги келишув, шунингдек, Code Share асосида Денпасар йўналишидаги парвозларнинг ярмини ҳамкорликда амалга оширишни кўзда тутади. Юк ташиш рейслари учун ҳар икки давлат авиакомпанияларига учинчи, тўртинчи ва бешинчи ҳаво эркинликлари берилади.

Транспорт вазирлиги таъкидлашича, келишув Зиёрат туризмини ривожлантириш, “Умра плюс” дастурини амалга ошириш, савдо-иқтисодий ҳамкорликни кучайтириш ва икки мамлакат ўртасида туристлар ҳамда юк ташиш ҳажмини сезиларли оширишга хизмат қилади.