Россиянинг нефтдан тушаётган даромадлари июл ойида 33 фоизга камайди

09:30 | 4 дақиқада ўқилади.

Жаҳонда нефт нархларининг пасаяётгани Россия бюджетига катта зарба бўлди — ўтган ойда давлат бюджетининг даромадлари кескин камайган.

Russian oil 01

2025 йил июл ойида Россиянинг нефтдан тушаётган даромадлари ўтган йилнинг шу ойига нисбатан қарийб учдан бирга камайган. Бу ҳақда Bloomberg агентлиги хабар берди. Асосий сабаб сифатида халқаро бозорда нефт хомашёси нархларининг пасайиши кўрсатилмоқда.

Хусусан, нефт соҳасидан тушадиган солиқ тушумлари 33 фоизга камайиб, 710,4 млрд рублни (8,9 млрд доллар) ташкил этди. Газ ва нефт даромадлари жами 787,3 млрд рублни ташкил қилди, бу эса ўтган йилнинг июлига нисбатан 27 фоиз кам. Россия бюджети даромадларининг учдан бир қисми айнан нефт ва газ савдосидан шаклланади, шу боис ушбу кўрсаткичнинг пасайиши давлат молиясига жиддий босим яратиши қайд этилмоқда.

Ҳозирги иқтисодий муаммоларнинг ортишига ғарб санкциялари ва АҚШ президенти Доналд Трампнинг янги таҳдидлари ҳам сабаб бўлмоқда. АҚШ Россиядан нефт харид қилаётган давлатларга санкция жорий этиш билан таҳдид қилмоқда, Европа Иттифоқи эса Россия нефти учун нарх чегарасини янада пасайтириш ниятида.

Шу билан бирга, Bloomberg ҳисоб-китобига кўра, июл ойида нефтдан тушган даромадлар июн ойига нисбатан 71 фоизга кўпайган. Бу фақатгина нефт солиқларининг айрим турлари ҳар чоракда тўланиши билан изоҳланади. Хусусан, нефт даромадлари Urals маркасининг июн ойидаги ўртача 59,84 долларлик нархига асосан ҳисобланган. Шунга қарамай, бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 14 фоизга кам.

Долларга нисбатан рубл курсининг мустаҳкамланиши ҳам даромадларнинг тушишига таъсир қилди. Июн ойида 1 доллар 78,7 рубль атрофида савдо қилинди — бу охирги икки йилдаги энг юқори курс бўлди. Бу эса нефт экспортчиларининг бир баррел учун 4711 рубл (58 доллар) олишига олиб келди. Ҳолбуки, ўтган йили бу кўрсаткич 6127 рубл (76 доллар) эди.