Маълумотларга кўра, Туркиядан Жанубий Кореяга парвоз қилаётган самолёт Қозоғистон орқали учиш жараёнида орқага қайтган. Бунга йўловчи повербанкининг ўриндиқ орасига тушиб кетиши ва уни олиб бўлмагани сабаб бўлган. Ҳодиса ортидан учувчи эҳтиёт чораси сифатида Истанбулга қайтишга қарор қилган.
Воқеадан сўнг Туркия транспорт ва инфратузилма вазири Абдулқодир Уралоғли барча авиакомпанияларга бортида повербанкдан фойдаланишни тақиқлаш бўйича кўрсатма берди. Унинг айтишича, бундай ҳолатлар парвоз хавфсизлигига жиддий таҳдид солиши мумкин. Pegasus эса ўз рейсларида повербанкларни қўл юкда ҳам олиб чиқишга йўл қўймаслигини расман маълум қилди.
Шу билан бирга, Turkish Airlines ҳам илгари хавфсизлик талабларини кучайтирган ҳолда, литий батареяга эга ақлли чемоданларни бортига қабул қилмасликка қарор қилган. Уларни на қўл юки, на багаж сифатида олиб чиқиш мумкин эмас.
Аввалроқ Туркия авиакомпаниялари яна бир тартиб жорий этган эди: самолёт тўлиқ қўнмасдан ва хавфсизлик камари белгиси ўчмасдан туриб ўрнидан турган йўловчиларга 70 доллар жарима белгиланган.