Сунъий интеллект туфайли қайси касблар йўқолиб кетиши мумкин?

18:00 | 12 дақиқада ўқилади.

Microsoft сунъий интеллектнинг меҳнат бозорига таъсири ҳақидаги ҳисоботини тақдим этди. Унда келгусида тўлиқ автоматлаштирилиши мумкин бўлган 40 та касб аниқланган.

Suniy intellekt banner

Рўйхатга таржимон, маркетолог, ёзувчи, муҳаррир, бухгалтер, алоқа маркази операторлари ва ҳатто моделлар – вазифалари матн, тил, маълумотлар ёки визуал контент билан боғлиқ бўлганларнинг барчаси киритилган. Бироқ массажчи, хонадон хизматкорлари, том ёпувчи ва шифокорлар каби жисмоний ва қўл меҳнатини талаб қиладиган касблар ҳозирча СИдан энг кам зарар кўрувчи бўлиб қолмоқда.

Microsoft компанияси катта илмий ходими Киран Томлинсоннинг айтишича, тадқиқотнинг мақсади одамларни қўрқитиш эмас. Унга кўра, сунъий интеллект (СИ) қаерда одамларга ёрдам бериши ва қаерда уларнинг ўрнини босиши мумкинлигини аниқлаш муҳим.

«Сунъий интеллект иш ўринларини йўқ қилиш учун эмас, балки ишни бажариш усулини ўзгартириши мумкин», — деди Томлинсон.

Шунга қарамай, Microsoft компанияси 2025 йилда айнан СИ билан боғлиқ сабабларга кўра 15 мингдан ортиқ ходимини ишдан бўшатган.

Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, СИ ва автоматлаштириш баъзида унумдорликни ошириш учун эмас, балки ишчилар сонини қисқартириш мақсадида жорий қилинади. Бу эса меҳнат бозорининг келажагига оид хавотирларни кучайтирмоқда.

СИ фойдали бўлиши мумкин — масалан, у илмий тадқиқотларни тезлаштиради. Аммо кенг жорий этилиши билан айрим муаммолар ҳам юзага келади: ишсизлик, тенгсизлик ва ижтимоий беқарорлик ортади.

Шунинг учун айрим мутахассислар янги иқтисодий ёндашувлар, ҳатто шартсиз даромад тизимини жорий этиш кераклигини таъкидламоқда.

Кўплаб компаниялар раҳбарлари СИ туфайли оммавий ишдан бўшатиш эҳтимолини тан олаяпти. Масалан, Anthropic компанияси раҳбари Дарио Амодей яқин йилларда офис ишчиларининг ярми cунъий интеллект билан алмаштирилиши мумкинлигини айтди. Бу ишсизлик даражасини 20 фоизгача ошириши мумкин.

Ҳозирда технология соҳаси сўнгги 20 йилдаги энг йирик ишдан бўшатиш тўлқинини бошдан кечирмоқда. Бу йилнинг ўзида 100 мингдан ортиқ одам ишсиз қолди. Intel, Microsoft, Amazon, Google каби йирик технологик компаниялар автоматлаштириш ва бозор ўзгаришларига мослашиш учун кескин қарорлар қабул қилмоқда.

Boston Consulting Group ва Чехия Меҳнат вазирлиги ҳамкорлигида ўтказилган тадқиқотга кўра, мамлакат меҳнат бозори катта ўзгаришларга дуч келади. Тахминан 1,2 млн ишчи ишини тарк этади, уларнинг ўрнини эса 1,9 млн янги ишчи эгаллайди. Бу ўзгаришларнинг асосий сабаби — СИнинг кенг жорий этилиши бўлиб, у барча иш ўринларининг ярмига таъсир қилади.

 

Ўзбекистонда вазият қандай?

Соҳа мутахассиси Анвар Нарзуллаев СИнинг  ўзбек меҳнат бозирга кириб келишини қуйидагича изоҳлайди:

«Агар мендан 5-6 йил олдин сунъий интеллект қайси йўналишларни ўзига олади, деб сўрашса, жисмоний меҳнатни, деб жавоб берган бўлардим. Кўпчиликнинг тасаввурида ҳам шундай вазият шаклланаётган эди.

Ҳайдовчилар мисолида олиб кўрайлик. Ўзиюрар машиналар пайдо бўлди. Ҳайдовчига эҳтиёж йўқдек. Аммо жавобгарлик масаласида муаммо юзага келди. Айтайлик, автоҳалокат содир бўлса ким жавоб беради? Ёки юк ташийдиган роботларни олайлик. Маълум бўлишича, улар ниҳоятда қиммат экан. Битта роботни ясашдан кўра, ўнта одамни ишга ёллаш арзонроққа тушмоқда. Айниқса, бизга ўхшаш ишчи кучи арзон давлатларда.

Бизнинг прогнозларимиздан фарқли равишда, СИ жисмоний меҳнатни эмас, ақлий меҳнатни олиб қўймоқда. Масалан, таржимонлик. Наинки оддий жумлалар ёки сўзлар, балки расмий ҳужжатларнинг таржимасини ҳам СИ сифатлироқ бажариб беряпти. Худди шунингдек, бухгалтерлар, таҳлилчи-экспертлар, консултантлар, юристлар ўрнини ҳам сунъий интеллект эгалламоқда. Бу биз учун қайсидир маънода кутилмаган ҳолат.

Аммо СИ олдида турган энг катта тўсиқлардан бири у креатив фикрлашни билмайди. Бу ерда бир нозик жиҳат бор. СИ тарихий маълумотлар асосида ишлайди. Яъни, бугун СИ яратсангиз, у шу бугунгача бўлган маълумотларни қамраб олади. Инсон эса фавқулодда вазиятларда кутилмаган ечимлар топиш қобилиятига эга. СИ фақатгина мавжуд маълумотларни таҳлил қилса, инсон ечимсиз туюлган муаммоларга ечим топа олади. Демак, СИ қайси соҳада бўлишидан қатъи назар, ностандарт фикрлайдиган мутахассисларни сиқиб чиқара олмайди».

Mутахассисларнинг фикрича, СИни ўзбек меҳнат бозорининг катта қисмини эгаллашига анча бор. Давлат идоралари бўладими, нодавлат ташкилотларми, уларда бирданига СИни жорий этишнинг имкони йўқ. Бизда ундан олдин амалга оширилиши лозим бўлган жараёнлар бор. Чунки биз рақамлаштиришдан орқада қолганмиз.

«Сунъий интеллект мавжуд маълумотларнинг устига қурилади. Яъни, дастлабки босқичда биз катта ҳажмда рақамлашган маълумотларга эга бўлишимиз лозим. Ҳаммамизнинг ишимиз тушадиган соғлиқни сақлаш тизимини олиб кўрайлик. Ҳалигача поликлиникаларда анкеталар қоғоз шаклида юритилади. Қоғознинг устига СИни жойлаштириб бўлмайди. Мана энди аста-секин поликлиникалар рақамли тизимга ўтказиляпти. Бу жараён ниҳоясига етиши, бир неча йил ишлаши ва маълумотлар йиғилиши лозим. Шундан кейингина сунъий интеллектни жорий этиш мумкин.

Яъни, Республика бўйича маълумотларга эга бўлсак, махсус хариталар яратиша оламиз. Бу хариталарда қайси ҳудудда қандай касалликлар ортаётгани ёки камайиб бораётгани, қаерда хавф пайдо бўлиши мумкинлиги – барчаси кўриниб туради. Натижада тезкор чоралар кўрилиб, нохуш ҳолатларнинг олдини олиш имкони туғилади.

Док-1 Макс сиропини истеъмол қилиш оқибатида қанча бола вафот этди? Агар марказлашган рақамли тизим яратилса, бундай ҳолатлар юз бермайди. Тизим заҳарланишлар ҳақида зудлик билан хабар беради, ечимлар таклиф этади. Қанийди шундай тизим яратилса, биз, юқорида айтганимдай, рақамлашиш босқичидамиз», — дейди Анвар Нарзуллаев.

Мутахассис божхона, солиқ, молия тизимларида инсон омилини қанчалик камайтирилса, коррупция имконияти шунчалик пасайишини таъкидлади.

«Мисол учун, сиз қандайдир молиявий операцияни амалга оширмоқчисиз. Бунинг учун маълум идоралардан рухсатномалар талаб этилади. Борди-ю сизда шу рухсатнома бўлмаса, таниш-билишлар ёки пул ёрдамида масалани ҳал этишга уриниб кўрасиз. Балки мақсадингизга эришарсиз ҳам. СИ эса бунга йўл қўймайди. Барча ҳужжатлар тақдим этилгандан кейингина фаолиятга рухсат берилади. Инсон омили камайса, коррупция ҳам йўқотилади», — деди у.

Жаҳон банки тақдим этган статистикага кўра, СИ сабаб 85 миллионта иш ўрни йўқолади, аммо ўрнига 97 миллионта янги иш ўрни пайдо бўлади. Биз шу пайтгача тасаввур қилмаган касблар пайдо бўлади. Масалан, фронт-инженерлар. Бундан ташқари, ҳозир ChatGPT каби дастурларга тўғри савол бера оладиган муҳандисларга эҳтиёж туғилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, СИ би қанча касбларнинг йўқолишига ёки қисқариб кетишига сабаб бўлса ҳам, ундан-да кўпроқ касб турлари пайдо бўлишига сабаб бўлади.

Меҳриноза Фармонова тайёрлади.