Тошкентда уй-жой ва ер нархлари пасайишда давом этмоқда

12:00 | 4 дақиқада ўқилади.

Марказий банкнинг 2025 йил биринчи ярим йиллиги бўйича кўчмас мулк бозори шарҳи пойтахтда уй-жой ва ер нархлари узлуксиз пасайишини тасдиқлади. Бу ҳолат энергетика, экология ва транспорт билан боғлиқ муаммолар кучайган бир пайтда кузатилмоқда.

Uy joy

Ҳисоботга кўра, Тошкентда иккиламчи уй-жой бозорида 1 метр квадрат учун ўртача нарх 15,4 млн сўмдан 14,9 млн сўмга тушган. Пасайиш йиллик ва ойлик қиёсда ҳам давом этмоқда. Пойтахтга яқин Тошкент вилоятида ҳам шу йўналишда нархлар пасая бошлаган.

Йил ва ой кесимида уй-жой нархлари қуламаган ҳудудлар саноқли — Сирдарё, Андижон, Сурхондарё ва Бухоро вилоятлари.

Шунингдек, пойтахтда ер нархлари ҳам узоқ вақтдан бери пасаяётгани қайд этилган. 2025 йил биринчи ярим йилликда 1 сотих ернинг ўртача нархи 334 млн сўмни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг шу давридаги 342 млн сўмлик кўрсаткичдан паст. Марказий банк маълумотларига кўра, ер нархи Тошкентда сўнгги бир ярим йилдан бери узлуксиз пасайишда давом этмоқда.

Uy joy

Умумий ҳолда кўчмас мулк бозорида фаоллик даражада сақланмоқда. Жорий йил биринчи ярим йиллигида республика бўйича жами 177,5 минг битим тузилган. Бу ўтган йилга нисбатан 10,7 фоиз кўп. Улардан 148,4 мингтаси тўғридан-тўғри уй-жой олди-сотдисига тааллуқли бўлиб, 12,1 фоизга ўсган.

Ипотека кредити ажратиш суръати сезиларли ошган — ўтган йилга нисбатан 36 фоизга кўп. Иккинчи чоракда биринчи бозордаги уй-жойлар учун ажратилган ипотекалар улуши жами ипотекаларнинг 74 фоизини ташкил этган (2024 йилда — 57 фоиз).

Бирламчи бозордаги нархлар республика миқёсида йиллик ҳисобда ўртача 2,6 фоизга, иккиламчи бозорда эса 2,5 фоизга ошган. Бироқ пойтахт ва айрим йирик ҳудудларда бу ўсиш жуда паст ёки салбий кўринишда. Ижара сегментида Тошкентда нархлар йиллик ҳисобда 6,1 фоизга тушган.

Марказий банк ҳисоботида қайд этилганидек, юқори таклиф ҳажми ва ипотека воситалари орқали харид имкониятларининг кенгайиши талабни қўллаб-қувватлаб, нархлар динамикасини мувозанатда ушлаб турибди. Бироқ пойтахтдаги узоқ муддатли пасайиш тенденцияси уй-жой ва ер бозоридаги баҳоларни янада тушириши мумкин.

Бозордаги бу тенденция аҳоли харид қобилияти, иқтисодий шароит ва шаҳар инфратузилмасидаги муаммолар билан изоҳланмоқда.

Рухсора Жовлиева тайёрлади