Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 4–5 август кунлари амалий ташриф билан Туркманистонда бўлди. Ташриф якунлангач, мамлакат миллий етакчиси Гурбангули Бердимуҳамедов – Арқадағ, Туркманистондаги анъанавий протокол тартибидан четга чиқиб, давлат раҳбарини аэропортда шахсан кузатди. Президент матбуот котиби Шерзод Асадов таъкидлаганидек, бу ҳолат икки халқ ўртасидаги самимий ва дўстона муносабатларнинг ёрқин намунасидир.
Давлат раҳбарининг Каспий бўйидаги Аваза шаҳрига ташрифи БМТнинг Денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар бўйича учинчи конференциясида иштирок этиш мақсадида амалга оширилди. Асадовнинг айтишича, бу ташриф Ўзбекистон–Туркманистон муносабатларининг ўзига хослиги ва мустаҳкамлигини яна бир бор тасдиқлади.
Ташриф доирасида Президент Мирзиёев Туркманистоннинг «Ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун» ордени билан тақдирланди. Матбуот котиби бу мукофотни икки давлат ўртасидаги ўзаро ҳурмат ва ишончнинг юксак ифодаси сифатида баҳолади.
Сўнгги йилларда Президент Мирзиёев қатор халқаро нуфузли мукофотларга сазовор бўлди. Жумладан, Қозоғистоннинг «Олтин қиран» ва «Дўстлик», Қирғизистоннинг «Данакер», Тожикистоннинг «Зарринтож», Россиянинг Александр Невский, Франция Фахрий легиони, Туркиянинг «Республика» ордени, Туркий дунёнинг олий ордени ва бошқалар.
Асадов таъкидлаганидек, бу мукофотлар фақатгина давлат раҳбарининг шахсий фаолиятига эмас, балки унинг ҳамкасблари ва ҳамкор мамлакатлар етакчилари билан қўшма саъй-ҳаракатларига берилган юксак баҳодир. Туркманистон ордени эса Ўзбекистоннинг минтақада барқарорлик ва ҳамкорликни таъминлашдаги конструктив позициясининг ёрқин эътирофидир.