Хитойда яна карантин эълон қилинди

22:40 | 2 дақиқада ўқилади.

Хитойнинг Фошан шаҳрида чикунгуня вируси билан касалланиш ҳолатлари кескин ошди. Шу сабабли мамлакатда коронавирус пандемияси пайтидаги чоралар қайта жорий қилинмоқда.

Karantim

Хитойнинг Фошан шаҳрида чикунгуня вируси кенг тарқалиши оқибатида ҳукумат COVID-19 давридаги профилактика механизмларини қайта йўлга қўйди. Британиянинг «The Independent» нашри хабар беришича, мамлакат бўйича 7 мингдан ортиқ инфекция ҳолати қайд этилган.

Қайд этилишича, чикунгуня вируси инсонга чивинлар орқали юқади ва юқори ҳарорат (40°C гача), бош оғриғи, мушак ва бўғимларда кучли оғриқ, кўнгил айниши каби симптомларни келтириб чиқаради. Хитой расмийлари бу вирус тарқалишини тўхтатиш учун миллий даражадаги эпидемиологик протоколларни ишга туширган.

«Ҳукумат томонидан COVID давридагига ўхшаш кенг кўламли дезинфекция ишлари амалга оширилмоқда», — дейилади мақолада. Шунингдек, аҳолига уйдаги гул идишлари, қаҳва машиналари ёки пластик шишаларда тўпланиб қолган сувлардан қутулиш буюрилган.

Мазкур талабларга амал қилмаганлар учун 10 минг юангача жарима белгиланган. Мамлакатда вирус тарқалишига қарши кураш кенг қамровда давом этмоқда.