«YandexGo» рекламасидаги инсофсиз рақобат учун чора кўрилди

10:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Рақобат қўмитаси «Uzum Market» МЧЖ ХК мурожаати асосида «YandexGo UB» МЧЖнинг телевидение ва ижтимоий тармоқлардаги «Yandex Market» рекламасида инсофсиз рақобат аломатларини аниқлаган.

Yandeksgo bilan uzum

Рақобатни муҳофаза қилиш қўмитаси «Uzum Market» МЧЖ ХК мурожаати буйича «YandexGo UB» МЧЖга нисбатан «Рақобат тўғрисида»ги Қонун талаблари бузилиши аломатлари билан иш қўзғатган эди. Қўмита текширувларига кўра, рекламадаги актрисанинг бинафша рангли кўйлаги, дастлабки кадрлар ва узум рамзи «Uzum Market» видеоларига ўхшашлиги, шунингдек, бош қаҳрамоннинг «А, бу маркетми?!» деган саволи орқали томошабинда «Uzum Market» ҳақида таассурот уйғотилиши қайд этилган. Шундан сўнг, актрисанинг «йўқ, бу бошқа маркет» деган жавоби орқали «Yandex Market» устунлигига ишора қилингани маълум бўлган.

Қўмита бу ҳолатни «Рақобат тўғрисида»ги Қонуннинг 21-моддасида назарда тутилган нотўғри таққослаш сифатида баҳолади. Бироқ «Uzum Market» рақобатни чеклаш оқибатида моддий зарар етказилгани ҳақида аниқ далиллар тақдим этмагани учун ҳолат иқтисодий жиҳатдан паст таъсирли деб топилди ва молиявий жарима қўлланмади.

Шу билан бирга, «YandexGo UB»га қонунбузилиш ҳолатини бартараф этиш бўйича кўрсатма берилди: реклама ролигини оммавий ахборот воситаларидан бир ой ичида олиб ташлаш ва бу ҳақда 14 августга қадар Қўмитага ҳужжат тақдим этиш. Махсус комиссия қарорига норози бўлган томон Қўмита Апелляция кенгашига ёки судга мурожаат қилиши мумкин.