Ёшлар олдидаги чақириқлар: ишсизлик, таълимдаги рақобат, тадбиркорлик

13:00 | 8 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонда ёшлар орасида ишсизлик даражаси қайси вилоятда юқори? Таълимдаги рақобат қандай ва қайси ҳудудда тадбиркорлик яхшироқ ривожланган?

Ishsizlik yoshlar

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йил 1 январ ҳолатига республика бўйича ёшлар (14-30 ёш оралиғида) сони 9 млн 630 минг 556 кишини ёки жами аҳолининг 25,7 фоизини ташкил этган.

Ishsizlik 01

Қайси ҳудудда ёшлар аҳолининг катта қисмини ташкил этади?

Инфографикадан кўринишича, Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидаги ёшлар улуши (фоизда) кўрсатилган. Энг юқори улуш Қорақалпоғистон Республикаси ва Жиззах вилоятида (26,9 фоиз), энг пасти эса Тошкент шаҳрида (23,4 фоиз) кузатилмоқда.

 

Ёшлар орасида таълимда рақобат

Ёшлар мавзусига тўхталганда, таълим масаласига эътибор қаратмасликнинг иложи йўқ. Статистика маълумотларига кўра, 2025-2026 йил ўқув йили учун олий таълимга ҳужжат топшириш фоизлари бир неча баробарга тушиб кетди. Хусусан, 2025 йилги  олий таълим муассасаларига ҳужжат топширган абитуриентлар сони 732 минг 411 нафар бўлиб, бу охирги 7 йил ичидаги энг паст кўрсаткичдир.

Мисол учун, 2019 йилда бу кўрсаткич 1 миллион 66 мингдан ошган, 2020 йилда эса рекорд даражада 1 миллион 484 мингга етган эди. Шундай қилиб, 2025 йилда абитуриентлар сони ўтган йилгига (894 минг) нисбатан анча камайган. Бу ўтган йилга нисбатан 1,2 бараварга ёки 161,8 мингдан ортиққа камдир. Бу дегани олий таълимга кириш бўйича рақобат даражаси анча юмшаган.

Маълумот ўрнида, ҳужжат топширган абитуриентларнинг ярмидан кўпи, яъни 386 минг 112 нафарини хотин-қизлар, 346 минг 299 нафарини йигитлар ташкил қилади.

Қишлоқ ва шаҳар ёшлари орқасида таълимдаги рақобат бир-биридан фарқ қилади.

«Олий таълимдаги рақобат соғлом мотивацияни шакллантирса-да, тенг имкониятлар бўлмаса, бу рақобат психологик босим ва ижтимоий адолатсизлик манбаига айланади. Айниқса, қишлоқ ёшлари оғир вазиятда қолмоқда», дейди педагогика эксперти, доцент Дилноза Юсупова бу боради.

 

Ҳудудлардаги ишсизлик фоизи

2024 йилги статистикага кўра, Ўзбекистонда ёшларнинг ишсизлик даражаси меҳнат бозоридаги рақобатнинг кучайиши ва янги иш ўринларининг етишмаслиги сабабли 2023 йилдагидан ортган. Ёш ишчи кучининг 5 фоизи муносиб иш топа олмаганлиги сабабли иш қидиришни тўхтатган.

2021-2024 йиллар давомида Ўзбекистонда ёшларнинг ишсизлик даражаси қуйидагича:

2021 йилда 15–24 ёшдаги ёшлар орасида ишсизлик даражаси 13,4 фоизни ташкил этди. Бу кўрса 2020 йилдаги 12,83 фоизга нисбатан бироз ошган эди. 2022 йилда эса бу рақам 10,96 фоизга тушган. 2023 йилда ёшлар ишсизлиги даражаси 10,86 фозни ташкил этган бўлиб, бу статистика 2022 йилга нисбатан бироз пасайишни кўрсатди. 2024 йилда эса бу кўрсаткич 10,94 фоизга кўтарилди, бу эса меҳнат бозоридаги рақобатнинг кучлилиги ва янги иш ўринларининг етишмаслиги билан изоҳланади.

«Ёшлар бандлигидаги муаммо чуқур тизимли ёндашувни талаб қилади. Иш ўринлари яратиш ўз-ўзидан кифоя эмас, балки уларнинг сифатли, барқарор ва меҳнат ҳуқуқлари билан кафолатланган бўлиши муҳим», дейди иқтисодчи Равшан Қодиров.

Ҳудудлар бўйича энг юқори ёшлар ишсизлиги даражаси Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Қашқадарё, Самарқанд, Тошкент ва Фарғона вилоятларида қайд этилган. Айниқса, Фарғона вилоятида 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшларнинг катта қисми ишсизлар қаторига киради.

 

Ёшлар тадбиркорлиги кенг тарқалган ҳудудлар

2025 йил 1 июл ҳолатига кўра, ёшлар томонидан рўйхатдан ўтган кичик бизнес субъектлари сони — 93 мингдан ортиқ. Review.uz эълон қилган мақолага кўра, 2025 йилда ёшлар тадбиркорлиги бўйича пойтахтдан кейин энг фаол вилоятлар сифатида Фарғона, Қашқадарё ва Наманган вилоятлари ажралиб туради.

Ушбу ҳудудларда ёшлар томонидан очилган хусусий корхоналар сони юқори бўлиб, мисол учун Фарғона вилоятида 11 061 та, Қашқадарёда 9200 та, Наманганда эса 7188 та хусусий корхона фаолият юритмоқда.

Аввалроқ Ўзбекистонда ёшлар ишсизлигини келтириб чиқарадиган учта асосий муаммони санаб ўтган эдик.

Меҳриноза Фармонова тайёрлади.