Чорвоққа канализация суви оқизганларга 4,12 млн сўм жарима солинди

08:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Бўстонлиқ туманидаги айрим дача эгалари канализация тизимини Чорвоқ сув омборига тушириб юборгани аниқланди. Канализация қувурлари бузиб ташланди.

Chorvoq kanalizatsiya

Тошкент вилоятидаги Чорвоқ сув омборига канализация сувларини оқизган фуқарога маъмурий жазо тайинланди. Бу ҳақда вилоят Экология бошқармаси маълум қилди. Жамоатчилик эътирозидан сўнг ҳолат жойида ўрганилиб, мутасаддига 10 баравар базавий ҳисоблаш миқдори — 4,12 млн сўм жарима тайинланган.

Маълумотларга кўра, Бўстонлиқ туманидаги Бурчмулла маҳалласи аҳолиси томонидан омбор яқинида махсус ариқлар қазилиб, канализация ва оқова сувлари учун қувурлар ўрнатилган. Ушбу инфратузилма орқали ифлос сувлар тўғридан тўғри Чорвоқ сув омборига оқиб тушаётгани аниқланган.

Мутахассислар бундай ҳаракатлар табиий ҳудудларни муҳофаза қилиш қоидаларига зид эканини таъкидлашди. Ҳодиса юзасидан «Давлат муҳофазаси остидаги табиий ҳудудлар тартибини бузиш» моддаси бўйича баённома расмийлаштирилди. Омбор учун масъул ходимга маъмурий чора кўрилди.

Аниқланган канализация тармоқлари ва қазилган ариқлар тўлиқ бузиб ташланган. Экологлар таъкидлашича, Чорвоқ сув омборининг ифлосланиши бутун ҳудуддаги экологик барқарорликка хавф туғдиради.

Мазкур ҳолатдан аввал ҳам ижтимоий тармоқларда омборга канализация сувлари оқиб тушаётгани акс этган видеолар тарқалган ва кенг муҳокамаларга сабаб бўлганди. Экология бошқармаси бу борада назоратни кучайтиришини маълум қилди.