Эрон Исроилга махфий маълумот узатган ядрочи олимни қатл қилди

17:00 | 4 дақиқада ўқилади.

Эронда ядрочи олим Рўзба Вадий осилган ҳолда қатл этилди. У Mossad билан алоқада бўлганликда айбланган эди.

Iran israel

Эрон ҳукумати Исроилнинг Mossad махсус хизматига махфий маълумотларни узатганликда айбланган ядровий мутахассис Рўзба Вадийни қатл этди. У Эроннинг Атом энергияси ташкилотида фаолият юритган ва давлат сирига тенг маълумотларни тарқатганликда айбланиб, маҳкама ҳукми билан осилган, деб хабар беради Sondakika.

Маҳаллий матбуотнинг ёзишича, Вадий 2024 йил феврал ойида ҳибсга олинган ва шундан бери Теҳрондаги машҳур Эвин қамоқхонасида сақланиб келаётган эди. Унинг Mossad томонидан онлайн ёллангани, кейинчалик Венада беш марта агентлар билан учрашгани айтилади. Ушбу алоқалар орқали Исроил Теҳрондаги ядровий ва ҳарбий объектларга қарши «Юксалаётган Арслон» деб номланган 12 кунлик амалиётни амалга оширгани маълум қилинган.

Хабарларга кўра, Вадий ўз лавозимида давлатнинг ўта муҳим ва махфий маълумотларига эга бўлган ва уларни тарқатган. Унинг маълумотлари орқали эронлик бошқа бир ядровий олимни суиқасдда ўлдириш амалга оширилгани тахмин қилинмоқда.

Қатл Эрон Олий суди томонидан тасдиқланган ҳукмга биноан амалга оширилди. Эрон Инсон Ҳуқуқлари Ташкилоти маълумотига кўра, ҳибсга олинганидан буён Вадий ҳеч қандай шаффоф суд жараёнисиз қамоқда сақланган.

Сўнгги ҳафталарда Эронда Исроил билан боғлиқликда гумон қилинган бир неча киши қатл қилинди. The Telegraph маълумотига кўра, фақатгина икки ҳафта ичида «суиқасд ускуналари»ни мамлакатга олиб киришда айбланган 3 киши қатл этилган.

Эрон Ички ишлар вазирлиги Mossad, CIA ва MI6 каби хорижий хизматларга қарши «тўхтовсиз кураш» олиб борилаётганини таъкидлаган. Бироқ инсон ҳуқуқлари ташкилотлари бундай ишларнинг аксарияти ношаффоф, адолатсиз ва тезкор равишда ўтказилаётганини таъкидламоқда.