Женнифер Лопес концертига бепул транспорт қатнови йўлга қўйилди

13:00 | 2 дақиқада ўқилади.

7 август куни кечқурун Бунёдкор стадионида ўтадиган Женнифер Лопес концерти муносабати билан Чилонзор туманида автотранспорт ҳаракати вақтинча чекланади. Бу тадбир жамоат хавфсизлиги ва ҳаракат тизимини тартибга солиш мақсадида амалга оширилмоқда.

Jamoat transporti

Тошкент шаҳар ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси маълумотига кўра, ҳаракат 12:00 дан 23:00 гача тўлиқ тўхтатилади. Йўллар ёпиладиган ҳудудлар қуйидагилар:

— Чўпонота ва Қатортол кўчалари чорраҳасидан Чилонзор кўчасигача бўлган Чўпонота кўчаси;
— Чилонзор ва Чўпонота кўчалари чорраҳасидан КХАЙ кўчасигача бўлган Чилонзор кўчаси;
— Бунёдкор иккинчи даражали кўчаси — КХАЙдан Чўпон ота кўчасигача бўлган қисми.

Ҳайдовчиларга айланма ва ёндош кўчалардан фойдаланиш тавсия қилинмоқда.

Шунингдек, «Тошшахартрансхизмат» компанияси томонидан концерт иштирокчилари учун махсус бепул автобуслар қатнови ташкил этилди. Улар соат 16:00 дан бошлаб қуйидаги жойлардан ҳаракатланади:

— City Mall савдо маркази олди,
— Hyatt Regency меҳмонхонаси олди,
— Humo Arena муз саройи олди.

Автобусларнинг олд ойнасида «Бунёдкор стадиони» ёзуви бўлади. Концертдан сўнг ушбу автобуслар қатнашчиларни қайтиб чиқиш манзилларига етказади.