Канадада миллион йиллик тектоник ёриқ фаоллашмоқда

16:30 | 2 дақиқада ўқилади.

Канадада жойлашган, 40 миллион йилдан буён фаолиятсиз бўлган Тинтин тектоник ёриғи қайта уйғонмоқда. Келажакда кучли зилзилалар хавфи мавжуд.

Tektonik yoriqlar

Виктория университети олимлари ушбу ёриқда илгари ҳам кучли зилзилалар содир бўлганини маълум қилишди. Охирги йилларда бу ҳудудда 3−4 магнитудали бир неча майда зилзилалар қайд этилган. Аммо келажакда бу кўрсаткич 7,5 магнитудагача етиши мумкин.

Ёриқ ҳозирда ҳар йили 0,2−0,8 миллиметр орасидаги сурункали деформацияни тўпламоқда. Бу ер қатламларининг аста-секин сурилиши орқали юзага келмоқда ва кучли сейсмик фаолликка сабаб бўлиши мумкин.

Тадқиқотчилар сунъий йўлдош, дрон ва самолётлар орқали олинган юқори аниқликдаги топографик маълумотларни таҳлил қилишди. Ушбу маълумотлар ёриқнинг қайта фаоллашишига ишора қилмоқда.

Маълумот учун, 30 июл куни Камчатка ярим оролида 1952 йилдан буён кузатилган энг кучли зилзила содир бўлди.