Жанубий Кореянинг Kia компанияси Америка Қўшма Штатлари ва Россияда умумий ҳисобда 380 мингга яқин автомобилни чақириб олишини маълум қилди. Чақиришга сабаб — машиналарда кузатилган ишлаб чиқариш нуқсонлари бўлди.
АҚШ Йўл ҳаракати хавфсизлиги миллий бошқармаси (NHTSA) маълумотига кўра, 2022 йил октябридан 2024 йил сентябригача ишлаб чиқарилган 201 149 дона Kia Telluride кроссовери қайтариб олинади. Сабаби — кузов эшикларидаги ташқи молдингнинг ҳаракат пайтида ажралиб чиқиши мумкин. Компания маълум қилишича, бу камчиликлар кузов қисмининг вақтинча мосламаси етарлича мустаҳкам бўлмагани билан боғлиқ.
Мижозларга 2025 йил сентябр охиридан бошлаб расмий дилерлик марказларида хавфсизлик бўйича бепул техник хизмат кўрсатилади. Махсус мутахассислар молдингни яхшиланган ёпиштирувчи модда ва қўшимча механик махкамлагич билан алмаштиради.
Бундан ташқари, АҚШда 2023–2025 йилларда ишлаб чиқарилган 100 мингдан зиёд Kia K5 седанлари ҳам қайтариб олинади. Бу ҳолатда кузов устунидаги ташқи безак элементлари етарлича мустаҳкам ўрнатилмагани учун кўплаб мижозлардан шикоятлар тушган.
Айни пайтда Россияда ҳам тахминан 80 мингта Kia Sportage кроссовери техник хизматга чақирилмоқда. Бу сервис компаниясида HECU (гидравлик назорат бўлими) блокидаги мултипредохранител алмаштирилиши режалаштирилган. Бу оммавий чақирувлар Kia компаниясининг маҳсулот хавфсизлиги ва мижозлар ишончини таъминлашга бўлган жиддий ёндашувини кўрсатади.