Мактабларда йиғиладиган «фонд» пули: у нималарга сарфланади?

19:00 | 7 дақиқада ўқилади.

Марҳамат туманидаги мактаблардан бирида меҳнат таътилида бўлган бир гурух уқитувчилар девор оқлаш ва таъмирлаш ишларига жалб этилгани ҳақидаги тасвир ижтимоий тармоқларда жамоатчилик томонидан кенг муҳокама қилинди. Лекин бу мактаблардаги ягона муаммо эмас.

Maktab pul

Андижон вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси Марҳамат туманидаги 42-мактабнинг директори З.Мамажонованинг ишдан олинганини, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг Давлат меҳнат инспекцияси эса Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддаси 2-қисмига асосан унга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баравари миқдорида жарима қўлланганини айтиб чиққан. Бу баёнотлардан англанилишича, З.Мамажонова ҳам ишдан кетган, ҳам 41 млн 200 минг сўм жарима тўлайдиган бўлган.

Бу сўнгги йилларда кузатилаётган оғриқли масала. Гап биргина Андижоннинг Марҳамат туманида эмас. Ўқитувчиларнинг мактабларда ёзги таътил вақтида қўшимча пул тўланмасдан, ҳашар йўли билан ноқонуний ишлатилиши жуда кўп жойда кузатиладиган оддий ҳолга айланиб бўлган. Шунчаки, биз уларнинг барчасидан воқиф бўла олмаймиз холос.

Шу ҳақда қўни-қўшнилар билан гаплашиб ўтирганимизда, улардан бири мактаб таъмири билан боғлиқ муаммолар етарлилиги ҳақида гапириб, ҳали ҳам айрим мактабларда «ремонт» ва «фонд» пули йиғилишини айтиб қолди.

Қўшнининг гапига кўра, уч нафар фарзанди мактабда ўқийди ва ҳар ой уларнинг ҳар бирига 30 минг сўмдан, жами 90 минг «фонд» пули тўлайди. Бундан ташқари, бу йил бир нафар фанзанди учун 100 минг сўм «ремонт» пули берган. Ваҳоланки, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги таълим муассасаларини янги ўқув йилига тайёрлаш борасида ўқувчи ва тарбияланувчилар ҳамда уларнинг ота-оналаридан турли пул маблағларини йиғиш тақиқлангани ва бу масала вазирликда алоҳида назоратга олингани кўп бора таъкидланган.

«Фонд» пулини йиғиш схемаси ҳам жуда ақлли чизилган, бунда на мактаб маъмурияти, на ўқитувчи иштирок этади. Биламиз, ҳар бир синфда «ота-оналар қўмитаси» бор, мажлислар ҳам кўпинча уларнинг «саъй-ҳаракати» билан уюштирилади ва мажлисларда асосан пул йиғиш масаласи муҳокама қилинади. Синф раҳбари эса «мен эмас, ота-оналар ташаббус қилаяпти», дегандек қараб тураверади. Қисқаси, «фонд» пули ўша «ота-оналар қўмитаси» ёрдамида йиғилади.

Қўшнининг гапига қараганда, катта қизининг синфида 40 нафар ўқувчи ўқийди. Келинг, ҳисоб-китоб қилайлик: ўша синфдаги ўқувчиларнинг ота-оналаридан бир ойда 1 млн 200 минг сўм, ўқув йили давомида эса 10 млн 800 минг сўм йиғилади. Бутун мактаб миқёсида қанча пул тўпланишини ўзингиз ҳисоб-китоб қилиб олаверарсиз.

«Фонд» пули асосан фаррош, қоровулга қўшимча иш ҳақи ва синфнинг бошқа харажатлари (сув, қоғоз ва ҳоказолар) учун сарфланаркан. «Ота-оналар қўмитаси» томонидан Ўқитувчи ва мураббийлар кунига, шунингдек, синф раҳбари аёл бўлса, Халқаро хотин-қизлар кунига ҳам пул йиғиларкан. Албатта, кўнгилдан чиқариб.

Қўшни «тўғриси, бошқа йиғди-йиғдилар ҳам бор, уларнинг ҳар бирини айтиб ўтишга одам ҳижолат қилади», – дейди.

Ҳа, яна бир гап. Қўшни хурсанд бўлиб: «Қизимнинг синфига давлат томонидан бепул интерактив доска олиб берилди, фақат уни ўрнатиш харажатларини қоплаб бердик, холос», – дейди.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги масъуллари мабодо ушбу материални ўқиб қолса, баёнот бергиси келса, албатта, унинг мазмуни қуйидагича бўлади: таълим муассасаларини янги ўқув йилига тайёрлаш борасида ўқувчи ва тарбияланувчилар ҳамда уларнинг ота-оналаридан турли пул маблағларини йиғиш тақиқланган ва бу масала вазирликда алоҳида назоратга олинган. «Фонд» пули эса ота-оналар ва бошқа фуқароларнинг ихтиёрий бадаллари сифатида баҳоланади.

Хўш, сиз ҳам фарзандингизнинг мактаби учун «фонд» пули тўлайсизми, тўласангиз қанча тўлайсиз? У пул нималарга сарфланади? Ҳеч қизиқиб кўрганмисиз?

Бу борадаги фикр ва мулоҳазаларингизни таҳририят Телеграм боти t.me/vaqtuz_robot га йўллашингиз ёки Телеграм каналнинг шарҳлар бўлимида билдиришингиз мумкин.

Расулжон Парпиев.