Ўзбекистон 2025 йилнинг январ–июн ойларида ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) ҳажмини 807,9 трлн сўмга етказди. Статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, ўсиш суръати 7,2 фоизни ташкил этиб, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан атиги 0,6 фоиз тезлашган.

Иқтисодчи Миркомил Холбоев ушбу кўрсаткичларни Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари билан таққослаган. Қайд этилишича, мамлакатимиздаги иқтисодий ўсиш суръати минтақада энг паст тезлашган натижа ҳисобланади.

Солиштириш учун, Марказий Осиёда энг тез ўсaётган иқтисодиёт Қирғизистониники бўлди. Бу давлатда ЯИМ 11,7 фоизга ошиб, ўтган йилга нисбатан 3,6 фоиз бандга тезлашди. Бунга ишлаб чиқариш тармоқлари, хизматлар соҳаси ва бевосита солиқлар сабаб бўлган.
Қозоғистон иқтисодиёти йилнинг биринчи ярмида 6,2 фоизга ўсди, ўтган йилга нисбатан 3 фоиздан юқори бўлди. Бу ўсишга, асосан, нефт ва нефть маҳсулотлари, газ, маиший техника, мобил телефонлар, фармацевтика маҳсулотлари, машинасозлик маҳсулотлари, дон ва тамаки каби тўққизта асосий товар туртки бўлди. Мазкур маҳсулотлар улгуржи савдонинг 45 фоизидан ортиғини ташкил этади.
Тожикистон иқтисодиёти ҳам минтақада сезиларли фаоллик кўрсатди. ЯИМ 8,1 фоизга ошиб, ўтган йилга нисбатан 1,9 фоиз банд тезлашди. Бунга қуйидагилар ҳисса қўшган:
- саноат ишлаб чиқариш ҳажми 24 фоиз;
- асосий капиталга инвестициялар 14,6 фоиз;
- пуллик хизматлар ҳажми 12,8 фоиз;
- қишлоқ хўжалиги 9,7 фоиз;
- юк ташиш ҳажми 9,3 фоиз;
- товар айирбошлаш 9 фоиз;
- йўловчи ташиш 5,8 фоиз.
Ўзбекистон эса Марказий Осиёдаги мамлакатлар орасида ўсиш суръати энг паст даражада тезлашган иқтисодиёт бўлиб турибди. Мамлакатда иқтисодий ўсиш 0,6 фоиз бандга тезлашиб 7,2 фоизга етган.
Саноат ишлаб чиқариши 6,6 фоизга ошиб, 204,6 трлн сўмга етди. Қурилиш соҳасида ўсиш 10,7 фоиз бўлиб, ҳажми 57 трлн сўмни ташкил этди. Савдо, яшаш ва овқатланиш хизматлари ҳажми 10,2 фоизга ошиб, 89,1 трлн сўмга етди. Транспорт, сақлаш, ахборот ва алоқа хизматлари энг юқори ўсишни кўрсатди — 14,7 фоиз, умумий ҳажми эса 66,7 трлн сўм бўлди.
«Минтақа мамлакатларида ўсишнинг тезлашиши асосий савдо ҳамда меҳнат бозорларида кутилмаларига нисбатан яхши иқтисодий шарт-шароитлар натижасида пул ўтказмаларининг юқори ўсиши, юқори инвестициялар ҳамда баъзи иқтисодиётларда нисбатан яхши савдо шартлари натижасида экспорт тушумларининг кутилмаладан юқори шаклланганлиги каби омиллар билан изоҳланиши мумкин», — деб ёзмоқда иқтисодчи.
Маълумот учун, Ўзбекистон ЯИМнинг деярли ярми кичик тадбиркорлик субъектлари ҳиссасига тўғри келади.
Маҳлиё Ҳамидова тайёрлади.