Олтин маъданлари жойлашган геологик харитани сотмоқчи бўлган шахс қўлга олинди

09:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Геология ва газ соҳаларидаги собиқ ва амалдаги ходимлар сохта ваъдалар билан пул талаб қилган шахслар қўлга олинди.

Dxx 2

Самарқанд шаҳрида геологик хизматлар кўрсатувчи хусусий корхона раҳбари ўзини аввал Тоғ-кон саноати ва геология вазирлигида ишлаган шахс сифатида таништириб, маҳаллий фуқаронинг ишончига кирган. У жисмоний шахсга Самарқанд ва Жиззах вилоятларида олтин маъданлари жойлашган, гўё махфий геологик харита ва фотосуратлар мавжудлигини айтган ҳамда уларни 25 минг АҚШ долларига сотишни таклиф қилган.

Давлат хавфсизлик хизмати Самарқанд вилояти бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор тадбирда мазкур шахс 10 минг долларни олган пайтда ашёвий далиллар билан ушланган. Мутасадди ташкилотлар сўнгги хулосасига кўра, у таклиф қилган маълумотлар махфий тоифага кирмаслиги маълум қилинди.

Қашқадарё вилоятидаги яна бир ҳолатда эса, «Ўзтрансгаз» АЖ таркибидаги «Муборак магистрал газ қувурлари» бошқармасига қарашли Шаҳрисабз ГТСда оператор бўлиб ишловчи шахс юқори лавозимдаги танишлари орқали фуқарони назоратчи сифатида ишга жойлаштиришни ваъда қилган. У бунинг эвазига 4 минг доллар талаб қилган.

ДХХнинг Қашқадарё вилояти бошқармаси ва Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаменти ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда, ушбу оператор талаб қилган пулни олган вақтида қўлга олинди. Ҳар икки ҳолат бўйича жиноят ишлари қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.