Ўзбекистон ҳаёт сифати бўйича рейтингга нега кира олмади?

17:50 | 9 дақиқада ўқилади.

Рейтингга Марказий Осиё давлатлари орасидан фақат Қозоғистон кирган бўлиб, у 89 давлат орасида 74-ўринни эгаллаган.

Qatar doha

Рейтинг Numbeo Quality of Life Index томонидан тузилган бўлиб, давлатларни баҳолашда бир нечта мезонлар ҳисобга олинади ва  қуйидаги 8 асосий кўрсаткич бўйича рейтинг шакллантирилади:

  • Хавфсизлик индекси (Safety Index)
  • Соғлиқни сақлаш индекси (Health Care Index)
  • Иқлим индекси (Climate Index)
  • Яшаш нархи ва харажатлар нисбати ( Cost of living and purchasing Index)
  • Уй-жойга етишувлилик (Property Price in Income Ratio)
  • Транспорт тизими индекси (Commute Time and Traffic Index)
  • Ифлосланиш индекси (Pollution Index)
  • Маҳаллий харид имконияти (Purchasing Power Index).

 

Рейтингда ҳаёт сифати юқори давлатлар қайсилар ва нега?

2025 йил ҳолатига кўра, ҳаёт сифати энг юқори бўлган давлатлар қаторига Люксембург, Нидерландия, Дания, Ўмон, Швейцария, Финландия, Исландия, Норвегия, Қатар ва Швеция киради.

Рейтингнинг биринчи поғонасида жойлашган Люксембург аҳолиси юқори даромад, кучли соғлиқни сақлаш тизими ва тинч ижтимоий муҳитдан баҳраманд. Мамлакатда хавфсизлик юқори бўлиб, яшаш харажатлари даромадга нисбатан мақбул. Шунингдек, давлатнинг экологик сиёсати, инфратузилмаси ва ижтимоий хизматлар сифати ҳам рейтингда етакчи ўрин эгаллашига сабаб бўлган.

Иккинчи ўриндаги Нидерландияда соғлиқни сақлаш тизими, таълим сифати, экологик барқарорлик ва транспорт тизими юқори даражада ривожланган. Мамлакатда фуқароларнинг ҳаётдан қониқиш даражаси юқори бўлиб, ижтимоий ҳимоя тизими кучли йўлга қўйилган. Бу омиллар ҳаёт сифатини сезиларли даражада яхшилайди.

Дания учинчи ўринда турибди. Ушбу давлат аҳолиси учун ҳаёт сифатини белгиловчи асосий омил – ижтимоий тенглик, меҳнат ва дам олиш ўртасидаги мувозанат, юқори хавфсизлик ва яшаш учун қулай муҳитдир. Дании иқлими ҳам соғлом турмуш тарзини юритишга мос.

Қизиқарли жиҳати шундаки, рейтингда Ғарб давлатларидан ташқари, Яқин Шарқ мамлакатлари, хусусан, Ўмон ва Қатар ҳам юқори ўринларни эгаллади. Бу давлатларда соғлиқни сақлаш тизими юқори сифатли бўлиб, яшаш харажатларига нисбатан даромад даражаси юқори. Айниқса, Қатарда сўнгги йилларда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва барқарор ривожланишга катта эътибор қаратилмоқда.

Швейцария, Финландия, Исландия, Норвегия ва Швеция каби Скандинавия мамлакатлари эса узоқ йиллардан бери юқори ҳаёт сифати билан ажралиб туради. Уларнинг барчасида яшил иқтисодиёт, кучли ижтимоий ҳимоя тизими, яхши молиявий шароит, экологик тоза муҳит, таълим ва соғлиқни сақлашнинг юқори даражаси мавжуд.

 

Ўзбекистон қандай натижа кўрсатган?

Ўзбекистонда яшаш нархи унчалик баланд эмас — 24,9 фоиз . Таққослаш учун: Қозоғистонда бу кўрсаткич 26,6 фоиз , Россияда 36,1 фоиз, Италияда 57,2 фоиз, Германияда 64,7 фоиз, Исроилда 69,6 фоиз ва етакчи Люксембургда эса 73,5 фоиз.

Харид қобилияти бўйича Ўзбекистоннинг натижаси — 47,8 фоиз. Бу кўрсаткич Қирғизистон (42,2 фоиз) ва Тожикистон (25,7 фоиз)дан юқори. Минтақада эса энг яхши ҳолат Қозоғистонда — 54,9 фоиз.

Ўзбекистон энг яхши натижани хавфсизлик бўйича кўрсатмоқда. Мамлакат хавфсизлик даражасига кўра Швейцария, Исландия, Япония, Саудия Арабистони ва БАА каби давлатлар қаторига кириб, дунёдаги энг хавфсиз 30 та давлат ичида жой олган.

Ҳаёт сифати бўйича эса, агар фақат Тошкент шаҳрига қарасак, пойтахт Осиёдаги энг яхши 30 та шаҳар қаторига киради. Тошкент Остона, Мумбай, Бангкок, Пекин, Шангҳай, Анқара ва Истанбул каби йирик шаҳарлардан юқорироқ ўринда туради.

 

Нега Ўзбекистон Numbeo Quality of Life Index ҳаёт сифати индексига кира олмади?

Биринчи навбатда, Numbeo платформасининг қандай маълумотларга асосланишини тушуниш орқали изоҳланади. Numbeo – бу очиқ ва интерактив платформа бўлиб, унинг маълумотлари асосан фойдаланувчилар томонидан тўлдириладиган сўровномаларга асосланади. Яъни, рейтингда иштирок этувчи ҳар бир мамлакат ёки шаҳар ҳақидаги кўрсаткичлар бевосита у ерда яшовчи ёки ташриф буюрган одамларнинг субъектив баҳолари асосида шакллантирилади.

Ўзбекистоннинг ушбу индексга киритилмаганининг асосий сабаби – мамлакатдан келиб тушаётган фойдаланувчи маълумотларининг етарли эмаслигидир. Numbeo рейтингга фақат етарлича статистик базага эга бўлган, яъни соғлиқни сақлаш, хавфсизлик, яшаш харажатлари, иқлим, транспорт, ифлосланиш ва харид қуввати каби мезонлар бўйича камида муайян миқдорда фойдаланувчи фикри мавжуд бўлган давлатларни киритади.

Ўзбекистонда эса бу платформадан фойдаланувчилар сони ҳали етарли даражада эмас. Натижада, мавжуд бўлган индивидуал маълумотлар умумий таҳлил ва рейтингга киритиш учун етарли статистик оғирликка эга бўлмайди.

Бундан ташқари Ўзбекистон ҳали ҳануз глобал очиқ рақамли платформаларга тўлиқ интеграциялашмаган давлатлардан биридир. Рақамли иштирок етарлича эмаслиги, халқаро платформаларга нисбатан паст қизиқиш, маҳаллий интернет фойдаланувчилари орасида сўровномаларда қатнашиш маданиятининг камлиги ҳам бу жараёнга салбий таъсир қилади.

Шунингдек, айрим ҳолатларда давлат ички статистикаси ва халқаро таҳлиллар ўртасида номувофиқликлар кузатилгани учун, халқаро платформалар эҳтиёткорлик билан ёндашади.

Меҳриноза Фармонова тайёрлади.