Ўзбекистон ва Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) ўртасида талабалар ва шифокорлар учун алмашинув дастурлари йўлга қўйилади. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар берди.
Мазкур ташаббус Ўзбекистоннинг БААдaги элчихонаси дипломатлари ҳамда Рас Ал-Хайма амирлигидаги RAK Hospital компанияси бош ижрочи директори Ашенду Пандей билан бўлиб ўтган учрашув чоғида муҳокама қилинган. Суҳбатда БАА томонига Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, тиббий таълим тизимидаги ўзгаришлар ҳамда «Янги Тошкент» қурилиш лойиҳаси ҳақида кенг маълумот берилган.
Ашенду Пандей Ўзбекистондаги қулай бизнес муҳитини юқори баҳолар экан, икки давлат ўртасида янги шериклик йўналишларини ривожлантиришга қизиқиш билдирган. Унинг фикрича, Ўзбекистонда тиббий хизмат кўрсатиш ва соҳага инвестиция киритиш учун катта салоҳият мавжуд.
Учрашув якунида икки томон талабалар ва шифокорлар учун ўзаро тажриба алмашиш дастурларини амалга ошириш, шунингдек, турар жой ва меҳмонхона қурилиши бўйича қўшма лойиҳаларни йўлга қўйиш юзасидан келишувга эришган.