Ўзбекистонда июл-сентябр ойлари қовун экспортининг энг юқори фаоллиги кузатиладиган давр ҳисобланади. Айниқса, «Торпеда» навли қовун мамлакат экспорт ҳажмининг 90 фоизидан ортиғини ташкил қилади.
EastFruit таҳлилчилари маълум қилишича, бу йил ушбу навдаги қовуннинг улгуржи нархи ўтган йилгига нисбатан 2,5 баробарга ошган. Ҳозирда фермерлар «Торпеда» қовунини даладан 3 000 сўмдан (тахминан 0,24 доллар) сотмоқда. Бу сумма юклаш ва қадоқлаш харажатларини ўз ичига олмайди. 2024 йилда эса шу маҳсулот 1 200 сўмдан (таҳминан 0,10 доллар) сотилган.
Fresh Melon компанияси раҳбари Фарход Қорабековнинг таъкидлашича, нархнинг ошишига ички бозорда сифатли маҳсулот улушининг камайиши, етиштириладиган ер майдонларининг қисқариши ва барқарор ички талаб таъсир қилган.
Унга кўра, ташқи бозордаги талаб ҳам ўсиб бормоқда. Масалан, Қозоғистонда қовун мавсуми одатда август охирида тугайди, аммо бу йил ушбу мамлакатдаги маҳсулот захиралари анча эрта якунланган. Бу эса Қозоғистон бозорларида ўзбек қовунига бўлган эҳтиёжни кучайтирган.
Таҳлилчилар фикрича, ушбу ҳолат нархларнинг янада барқарор ва юқори даражада сақланишига сабаб бўлиши мумкин.