Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги раҳбарининг буйруғи билан қимматли қоғозлар бозори соҳасидаги қонунбузилишларни кўриб чиқиш ва санкциялар қўллаш тартиби белгилаб берилди. Бу низом ҳуқуқий интизомни кучайтириш, шффофликни ошириш ва бозор иштирокчилари манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган.
Низомга мувофиқ, қонунбузарлик содир этган иштирокчиларга нисбатан санкциялар қўлланилади. Агар улар давлат органларининг мансабдор шахслари бўлса, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс асосида жазога тортилади. Ваколатли орган сифатида Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги белгиланган.
Агентлик ишларни кўриб чиқиш учун махсус комиссия тузади. Унинг таркиби агентлик раҳбарияти томонидан тасдиқланади. Комиссия таркибига агентлик ходимлари, давлат органлари ва касбий бирлашмалар вакиллари кириши мумкин. Зарур ҳолларда, комиссия банклар билан боғлиқ ишларда Марказий банк билан келишган ҳолда экспертларни жалб этиши мумкин.
Ишни кўриб чиқиш муддати бир ой қилиб белгиланган, лекин зарурат туғилганда яна бир ойга узайтирилиши мумкин. Барча иштирокчилар — жавобгар шахслар, ариза берувчилар, экспертлар ва гувоҳлар комиссия йиғилишида қатнашиш, иш материаллари билан танишиш ва қаршилик билдириш ҳуқуқига эга.
Комиссия иш якунида бир неча қарорлар қабул қилиши мумкин:
— қонунбузарликни бартараф этиш бўйича хабарнома бериш,
— лицензия ёки айрим операцияларни вақтинча тўхтатиб туриш,
— ишни суд ёки бошқа органларга юбориш,
— иш юритишни тугатиш.
Комиссия қарорига нисбатан судга шикоят қилиш мумкин. Суд аризани кўриб чиқгунига қадар баҳсли қарор ижроси тўхтатиб турилади. Қонунбузарлик аниқланганидан сўнг, 3 йил мобайнида шахс жавобгарликка тортилиши мумкин.