Судялар олий кенгашида кутилмаган фаоллик: 13 кунда 100 дан ортиқ тайинлов

12:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонда судялар олий кенгаши раиси Холмўмин Ёдгоров ваколат муддати тугаши арафасида 13 иш куни ичида кутилмаган фаоллик кўрсатиб, 7 марта кенгаш чақирди ва 100 дан ортиқ судя тайинловини амалга оширди.

Sudyalar oliy kengashi

2020 йил 5 августда тайинланган Ёдгоровнинг ваколати 2025 йил 6 августда тугади. Шу муддат арафасида, яъни 15 июлдан 5 августгача бўлган 13 иш кунида у 7 марта кенгаш йиғилиши ўтказди. Одатда кенгаш ойига кўпи билан 2−3 марта чақирилган.

Сўнгги йиғилишларда олиб борилган тайинловлар жами 100 нафардан ошди. Жумладан,
— 15 июлда 5 нафар судя ушбу лавозимда бўлишнинг навбатдаги ўн йилик муддатига, 2 нафари ваколати муддатига қайта тайинланган,
— 18 июлда 3 нафар судя ушбу лавозимда бўлишнинг навбатдаги муддатига, 8 нафари ваколати муддати даврига қайта тайинланган,
— 24 июлда судялар олий мактабининг 14 нафар битирувчиси судялик лавозимида бўлишнинг биринчи 5 йиллик муддатига
— 25 июлда яна 27 нафар битирувчи судя этиб тайинланди.
— 31 июл, 4 ва 5 август кунларида ўтган йиғилишларда эса 59 нафар номзод турли муддатларга судя этиб тасдиқланган.

Шу тариқа 13 кунда 77 нафар номзод судялик лавозимида бўлишнинг биринчи беш йиллик муддатига, 20 нафари янги муддатга, 37 нафари эса ўз лавозимига қайта тайинланган.

Kun.uzнинг хабар беришича, мазкур фаоллик юзасидан Судялар олий кенгаши матбуот котиби томонидан изоҳ берилди. Унга кўра, бу қарорлар орқали бўш лавозимларни тўлдириш, судларда юкламани камайтириш ва самарадорликни ошириш мақсад қилинган. Шунингдек, Ёдгоров ҳозирда дам олаётгани маълум қилинди.