Тошкент шаҳрида Россия Федерацияси Санкт-Петербург шаҳри делегацияси ташрифи доирасида расмий қабул – банкет ташкил этилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Россия давлат харидлари порталида эълон қилинган ҳужжатларда маълум қилинган.
Тадбир Санкт-Петербург губернатори Александр Беглов бошчилигидаги делегация иштирокида, дипломатик протокол асосида ўтказилади. Банкетда тахминан 80 нафар меҳмон иштирок этади ва тантана камида 2 соат давом этади.
Ташкилотчи томон банкет учун хизмат кўрсатувчи ходимлар – официантлар ва администраторлар билан таъминлайди.
Ҳужжатда чўчқа гўштидан тайёрланган таомларни тақиқлаш алоҳида қайд этилган. Бироқ, спиртли ичимликлар – шампан, қизил ёки оқ вино, коняк ва ароқ таклиф этилиши белгиланган. Шунингдек, балиқ ва гўштли газаклар, турли салатлар, иссиқ овқатлар, гарнирлар, ширинликлар ва салқин ичимликлар ҳам дастурхонга тортилади.
«Талабларга мувофиқ, таомномада анъанавий Санкт-Петербург ошхонаси рўйхатидан камида учта таом бўлиши шарт. Бундай таомларнинг намуна рўйхати ҳужжатга илова қилинган», дейилади хабарда.
Айни пайтда банкетда айнан қайси таомлар таклиф этилиши ва маросим қаерда ўтказилиши аниқ маълум қилинмаган.