Трамп божлари фонида Нарендра Моди сўнгги 7 йилда илк марта Хитойга сафар қилади

09:00 | 4 дақиқада ўқилади.

Трамп ҳукумати Ҳиндистонга қарши 25 фоизлик қўшимча импорт божларини жорий этар экан, Моди Хитойдаги ШҲТ саммитида иштирок этади.

Narendra modi

Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди 2018 йилдан бери илк марта Хитойга ташриф буюради. Reuters агентлигининг маълум қилишича, у август ойи охирида Тианжин шаҳрида ўтадиган Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) саммитида иштирок этади. Ушбу сафар АҚШ билан муносабатлар таранглашган бир пайтда амалга ошади. Хусусан, Доналд Трамп маъмурияти Ҳиндистонни Россия нефтини сотиб олгани учун жазолаш мақсадида импорт божларини 25 фоизга оширди.

Моди ва Хитой раҳбари Си Жинпинг сўнгги бор 2023 йил октябрида БРИКС саммити пайти Россияда учрашган эди. Ушбу музокаралар икки давлат ўртасидаги дипломатик муносабатларни юмшатишга ёрдам берган. Шу билан бирга, 2020 йилда Ҳимолай ҳудудида юз берган ҳарбий тўқнашувлар икки томонлама алоқаларни анча совутган эди.

Reuters таъкидлашича, Вашингтон ва Ню Деҳли ўртасидаги ҳозирги зиддият сўнгги йиллардаги энг жиддийси ҳисобланади. Доналд Трамп Ҳиндистонни дунёдаги энг юқори божларига эга давлат деб атаб, уни ортиқча савдо протекционизмида айблади. Шунингдек, у мамлакатни Россия нефт экспортини молиялаштиришда айблаб, бундай ҳамкорлик «Украинада қотилликлар тўхтамаслиги»га сабаб бўлаётганини билдирди.

6 август куни Трамп Ҳиндистон импортига қўшимча 25 фоизлик бож жорий этиш ҳақида фармон имзолади. Мавжуд 25 фоизлик тарифга қўшилган бу янги бож натижасида умумий ставка 50 фоизга етади. Фармонга кўра, бу режим 21 кундан сўнг кучга киради. Агар шу муддатда Россия Украинадаги урушни тўхтатса, бож қайта кўриб чиқилиши мумкин.

Оқ уйдан билдирилишича, бундай жазо чоралари фақат Ҳиндистонга эмас, Россия нефтини сотиб олишда давом этаётган бошқа давлатларга ҳам қўлланилиши мумкин.