Тренер-ўқитувчиларга малака тоифаларини бериш тартиби белгиланди

19:40 | 2 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонда жисмоний тарбия-спорт соҳаси мутахассислари учун малака тоифаларини бериш тизими янгиланди.

Coach

2025 йил 7 августда Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган 500-сонли қарорга асосан, жисмоний тарбия ва спорт ташкилотлари тренер-ўқитувчилари ҳамда йўриқчи-услубчилари учун малака тоифаларини бериш тартиби тасдиқланди.

Низомга кўра, давлат хизмати “ERP sport” тизими орқали Спорт вазирлиги томонидан кўрсатилади.

Давлат хизмати кўрсатилгани учун БҲМнинг 1 баравари миқдорида тўлов ундирилади.

Тренер-ўқитувчилар ва йўриқчи-услубчиларга иккинчи, биринчи ва олий малака тоифалари берилади.

«ERP sport» тизимида маълумотлар тўлиқ шакллангандан сўнг 1 иш кунида QR-код қўйилган ҳолда электрон шаклда малака тоифаси тўғрисида гувоҳнома расмийлаштирилади.

Бу ҳақида автоматик тарзда тренер-ўқитувчилар ва йўриқчи-услубчиларга «Электрон ҳукумат”» тизимининг идоралараро интеграциялашув платформаси орқали СМС-хабарнома юборилади.

Малака тоифаси 4 йил муддатга берилади.